Президент Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтириш бўйича фармонни имзолади
Жамият
−
14 Май 2019
9621Жорий йилнинг 13 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Қуйида фармоннинг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг
фармони
2016-2018 йилларда ипотека кредити амалиётининг кенгайиши 82 мингдан ортиқ уй-жойларнинг фойдаланишга топширилишини таъминлади, бунинг натижасида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидаги 400 мингга яқин фуқаролар турар жой шароитларини яхшилашга эришди.
Қишлоқ жойларда арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп қаватли уйлар, ёш оилаларга, ҳарбий хизматчиларга, бюджет ташкилотлари ходимлари ва аҳолининг бошқа тоифалари учун уй-жойлар қуриш бўйича давлат мақсадли дастурларини (кейинги ўринларда – мақсадли дастурлар) изчил амалга ошириш давом этмоқда. Мазкур мақсадлар учун республиканинг тижорат банклари томонидан жами 10 триллион сўмдан ортиқ ипотека кредитлари берилди.
Шу билан бирга, мамлакатимиз уй-жой секторини ривожлантириш зарурати ипотека кредитларини тақдим этиш механизмларини такомиллаштириш ва аҳолининг барча қатламлари учун бозор тамойиллари асосида ипотека кредитларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш юзасидан қўшимча чоралар кўришни талаб этмоқда.
Аҳолининг турмуш даражасини изчил ошириш, ипотека кредити механизмларидан фойдаланиш амалиётини янада такомиллаштириш ва кенгайтириш, шунингдек, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш саноати ва қурилиш индустриясини ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар ва рағбатлар яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан Осиё тараққиёт банки (кейинги ўринларда – ОТБ) билан биргаликдаЎзбекистонда ипотека бозорини ривожлантириш дастурини2019-2021 йилларда амалга ошириш концепцияси ишлаб чиқилганлиги, унинг доирасида бозор тамойиллари асосида узоқ муддатли барқарор ипотека молиялаштириш тизимини яратиш учун ОТБ томонидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарз маблағлари ажратиш назарда тутилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Марказий банки ва тижорат банкларининг:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан бошланғич устав капитали миқдори 25 миллиард сўм бўлган акциядорлик жамияти шаклидаги Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясини (кейинги ўринларда – Компания) таъсис этиш;
республика тижорат банклари ва бошқа юридик шахсларга ихтиёрий равишда Компаниянинг таъсисчилари бўлиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
Қуйидагилар Компаниянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:
маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни, шу жумладан, халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг (кейинги ўринларда – ХМИ ва ХҲМТ) маблағларини жалб қилиш ва кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш;
аҳолининг арзон уй-жойларга ўсиб бораётган эҳтиёжини қаноатлантириш учун бозор тамойиллари асосида тижорат банкларига молиявий ресурслар тақдим этиш;
шу жумладан, ипотека қимматли қоғозларини чиқариш ва уларни инвесторлар орасида жойлаштириш;
ипотека кредити тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш, ипотека бозорини ривожлантиришнинг замонавий услублари ва воситаларини татбиқ этиш, ипотека кредити ва ипотека қимматли қоғозлар бозорида хавфларни камайтириш ва ликвидликни ошириш;
ипотека кредити ва қайта молиялаштириш соҳасида, шу жумладан, хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилган ҳолда методологик ва норматив-ҳуқуқий базасини ишлаб чиқишда иштирок этиш.
3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги уч ой муддатда Компания фаолиятини ташкил этишга техник кўмаклашиш (грант) маблағларини ажратиш масаласини ОТБ билан кўриб чиқсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Компания томонидан ипотека кредитларини қайта молиялаштириш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
а) Компания акциядорлар маблағларини ҳамда ХМИ ва ХҲМТнинг қарз маблағларини, шунингдек, қимматли қоғозлар чиқариш орқали маҳаллий ва халқаро капитал бозорларидаги узоқ муддатли ресурс маблағларни жалб этади;
б) Компания жалб қилинган маблағларни Компания томонидан ўрнатиладиган малакавий талабларга мос келувчи тижорат банкларига кредит ресурсларини ажратиш йўли билан қайта молиялаштиради;
в) тижорат банклари Компания томонидан белгиланган шартларда қарз олувчиларга ипотека кредитларини тақдим этади;
г) тижорат банклари ипотека кредитлари, ипотека шартномалари бўйича талаб ҳуқуқларидан ёки гаров хатлари бўйича ҳуқуқлардан Компания фойдасига воз кечади;
д) Компания тижорат банклари билан ҳуқуқлари аввал Компанияга ўтказиб берилган ипотека кредитига хизмат кўрсатиш шартномасини ёки гаров хатларини ишончли бошқарувга бериш шартномасини тузади;
е) тижорат банклари қарз олувчилар ва ипотека берувчилар томонидан кредит шартномалари ва ипотека шартномаларининг Компания фойдасига лозим даражада бажарилишини таъминлайди.
Компания томонидан ипотекани қайта молиялаштиришнинг қонунчиликка зид бўлмаган бошқа шакллари ҳам татбиқ этилиши мумкин.
5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи этиб белгилансин.
6. Ўзбекистон Республикасида 2019-2021 йилларда ипотека кредити тизимини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг:
а) 2020 йил 1 январдан бошлаб, мақсадли дастурлар ижроси доирасида қуйидагилар назарда тутилган янги шартларда ипотека кредитлари ажратиш:
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан иштирок этувчи банкларга ажратилаётган кредит ресурслари ҳамда аҳолига берилаётган ипотека кредитлари бўйича имтиёзли даврни 1 йилгача қисқартириш;
кредитдан фойдаланишнинг биринчи 5 йили давомида ҳар йили фоиз ставкасини қатъий белгиланган 7 фоиздан Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача босқичма-босқич ошиб борадиган ставкада ва кейинги даврда Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида белгилаш;
ипотека кредитлари фоизларини аннуитет тўловлари формуласи бўйича ҳисоблаш тартибини татбиқ этиш (ойлик тўлов асосий қарз қолдиғига ҳисобланган фоизлар бўйича тўлиқ тўловни ҳамда кредитнинг бир қисмини ўз ичига олади, бу шундай ҳисоблашни назарда тутадики, ҳар ойлик барча тўловлар кредит тўлашнинг бутун даврида бир хил бўлади);
б) қонун ҳужжатларида белгиланган малакавий талабларга жавоб берадиган юридик шахсларга мақсадли дастурларни амалга оширишда буюртмачи ёки бош пудратчи сифатида қатнашиш ҳуқуқини бериш;
в) мақсадли дастурларни амалга оширишда иштирок этаётган тижорат банклари сонини ошириш;
г) мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида уй-жойлар ва квартираларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш учун кредитлар бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 ноябрга қадар мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида уй-жойларни харид қилишга талабгор жисмоний шахсларни уй хўжаликларининг даромади, қурилиш майдони, кўчмас мулк қиймати нархлари ва бошқа шартлардан келиб чиққан ҳолда танлаб олишнинг янгиланган тартиби ва мезонларини тасдиқлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
9. 2020 йил 1 январдан бошлаб мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида тақдим этилган қўшилган қиймат солиғи бўйича амалдаги имтиёзлар бекор қилинсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 1 декабрга қадар мақсадли дастурларни амалга ошириш самарадорлигини ҳар томонлама баҳолаш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси натижалари асосида қуйидагилар бўйича таклифлар киритсин:
а) қуйидагиларнинг амал қилишини бекор қилиш:
бош пудрат ташкилотлари, пудрат ташкилотлари ва субпудрат ташкилотларига, қурилиш материаллари, асбоб-ускуналар, қурилиш техникаси ва автотранспорти ишлаб чиқарувчи ташкилотларга, шунингдек, уларни ташишда қатнашадиган ташкилотлар, ишлар (хизмат) кўрсатиш корхоналари, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси норезидентлари, транспорт корхоналари, “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК” МЧЖ, “Ўзшаҳар қурилиш инвест” ИК, “Қишлоққурилиш лойиҳа” МЧЖ, “Ўзсаноатэкспорт” АЖ ҳамда “Тошкент қишлоқ қурилиш сервис” МЧЖга берилган солиқ имтиёзлари (қўшилган қиймат солиғидан ташқари);
жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи бўйича имтиёзлар;
б) якка тартибдаги уй-жой ёки кўп қаватли уйдаги хонадоннинг қиймати 300 миллион сўмдан ошмаган тақдирда, олинган ипотека кредитларини ва улар бўйича ҳисобланган фоизларни қоплаш учун йўналтириладиган ва солиқ солинадиган жисмоний шахслар ва улар оила аъзоларининг (бирга қарз олувчилар) жами 15 миллион сўмгача бўлган иш ҳақи ва бошқа даромадлари суммаси солиқ даври давомида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмаслигини кўзда тутувчи тартибни ўрнатиш;
в) бекор қилинаётган солиқ имтиёзлари ўрнига уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож шахслар ва қонун билан белгиланадиган фуқароларнинг бошқа тоифаларига ипотека кредити бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоизларни тўлаш учун субсидиялар бериш.
11. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари Г.К.Саидова медиа-режани тасдиқласин ва аҳоли орасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини, хусусан ипотека кредитлари беришнинг янги шартлари ҳамда мазкур Фармонда кўрсатилган бошқа масалаларни ёритиш бўйича мавзуга оид студиядаги ва сайёр туркум телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни ташкиллаштирсин.
12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тузилмасида бошқарув ходимларининг 12 та штат бирлигини қўшимча ажратган ҳолда Арзон уй-жойлар қуриш давлат мақсадли дастурларини мувофиқлаштириш ва молия бозори воситаларини ривожлантириш бошқармаси ташкил этилсин.
Бошқарманинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
мақсадли дастурлар ижроси самарадорлигини таҳлил қилиш ва мониторингида иштирок этиш, улар бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш ва юритиш;
мақсадли дастурларни амалга ошириш тадбирларини молиялаштиришни таъминлаш, ипотека кредити бозорини ривожлантиришга ХМИ ва ХҲМТ маблағларини жалб этишда иштирок этиш;
молиявий институтлар билан ҳамкорликда қимматли қоғозларни ва молиявий воситаларни тартибга солиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича, шу жумладан, илғор жаҳон тажрибасини ва корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини инобатга олган ҳолда таклифлар тайёрлаш;
мақсадли дастурларни амалга ошириш доирасида олиб борилаётган чора-тадбирлар, белгиланган тартиб-таомиллар ва қўлланилаётган механизмлар тўғрисида жамоатчиликни кенг хабардор қилишни ташкил этиш.
13. 2019 йил 1 январга қадар қурилишга рухсат этилган уй-жой фонди объектларини (2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурига, 2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурига киритилган объектлар бундан мустасно) бирламчи уй-жой бозорида реализация қилиш обороти 2020 йилнинг 1 январига қадар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
15. Белгилансинки, ушбу Фармоннинг 2-иловаси 3-банди “б” кичик бандида назарда тутилган ўзгартириш 2019 йил 1 октябрдан кучга киради.
16. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ж.А.Қўчқоров ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг ўринбосари Г.К.Саидова зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри,
2019 йил 13 май