Яна бир хориж автомобиль компанияси Ўзбекистон бозорига киради

Технология

image

Бугун, 4 март куни “Ўзавтосаноат” АЖ ва “Фольксваген Груп Рус” компанияси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланди. Унга кўра, “Жиззах автомобиль заводи” МЧЖ базасида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш ташкиллаштирилади. Шунингдек ишлаб чиқарилган техникани сотиш тизими йўлга қўйилади. Завод Volkswagen концернининг йўловчи ва юк ташишга мўлжалланган бир неча моделдаги енгил тижорат автомобилларини тўлиқ саноат цикли бўйича ишлаб чиқаришга ихтисослашади.

Маълумотларга кўра, “Фольксваген Груп Рус” янги замонавий ишлаб чиқариш технологиялари ва жараёнларини тақдим этади, шунингдек, ходимларни ўқитишни амалга оширади.  Завод Volkswagen концернининг ишлаб чиқариш, сифат, харидлар, етказиб бериш ва сотув тизимлари бошқаруви борасидаги замонавий стандартларига мувофиқ иш юритади. Аниқлик киритилишича, корхона режаларига маҳаллий автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқарувчиларини (бугунги кунда улар “Ўзавтосаноат” АЖга тегишли 30 та йирик завод ва 160 дан зиёд ўрта ҳамда кичик корхоналардан иборат) жалб қилиш орқали муайян маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш ҳам киради.

“Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 000 дона автомобилга тенг бўлади”, дейилади хабарда.

Битим доирасида томонлар ҳамкорликни 2020 йилда Volkswagen Caddy моделини ишлаб чиқариш ва сотиш билан бошлашга келишиб олди. У иккита модификацияда таклиф этилади: 7 ўринли йўловчи универсали ва юк фургони. Ушбу модель ҳам тижорат, ҳам оилавий фойдаланишга мўлжалланган. Автомобиль қуввати 110 о.к. ва ҳажми 1,6 литрли тежамкор бензинли двигатель  билан жиҳозланади. Шаҳар цикли режимида ёқилғи сарфи 100 км.га 9,3 л., трассада – 100 км.га 6,1 л.га тўғри келади.

Хабарга кўра, ҳамкорлик доирасида келажакда Volkswagen Group концернининг кенг моделлар қаторидан бошқа намуналарни ҳам ишлаб чиқариш ва келтириш имконияти кўриб чиқилади.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда Chevrolet, Ravon, MAN, Isuzu, Kamaz ва Sinotruck брендлари остида етакчи хорижий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорликда маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзавтосаноат Volkswagen

Баҳолаганлар

714

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг