Президент етим болаларга оид муҳим қарорни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 11 февраль куни “Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қуйида қарорнинг тўлиқ матни билан танишишишингиз мумкин. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Сўнгги йилларда мамлакатда ижтимоий етимликнинг олдини олиш, аҳоли ва ёшлар орасида соғлом оила қуришга масъулият билан ёндашишни тарғиб қилиш, оилавий қадриятларга маънавий-ахлоқий муносабатни шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Кўрилган чора-тадбирлар тарбия муассасалари ва уларда тарбияланаётган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар сонини сезиларли равишда камайтиришга ёрдам берди.

Шу билан бирга, болаларни жойлаштиришнинг оилавий ҳамда бошқа муқобил шаклларини кенг жорий этиш, айниқса, уларни тарбиялаш учун оилага қабул қилиш (патронат), шунингдек, болаларни мустақил ҳаётга тайёрлаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча чоралар кўриш талаб этилмоқда.

Ижтимоий етимликни янада камайтириш, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, уларнинг жадал ижтимоий мослашуви учун кенг имкониятлар яратиш, тарбия муассасаларининг иш фаолиятини яхшилаш, шунингдек, жисмонан соғлом ва маънавий етук авлодни тарбиялашда оиланинг ролини мустаҳкамлаш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлигининг:

2019 йил 1 мартдан “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячилари, шунингдек, барча турдаги халқ таълими муассасалари тарбиячиларининг базавий тариф ставкасини 1,5 баробарга ошириш ва уни умумтаълим мактабларининг тегишлича раҳбар ва педагогик ходимлари базавий тариф ставкасининг 75 фоизи даражасида белгилаш;

2019 йил 1 октябрдан “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари раҳбар ходимлари ва олий маълумотли тарбиячилари ҳамда барча турдаги халқ таълими муассасалари олий маълумотли тарбиячиларининг базавий тариф ставкалари миқдорларини умумтаълим мактабларининг тегишли раҳбар ва педагог ходимлари базавий тариф ставкаларига тенглаштириш, бунда айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган таълим муассасалари тарбиячилари учун кўзда тутилган устамани бекор қилиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Белгилансинки:

2019 йил 1 мартдан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,33 баробарга оширилиб, 820 000 сўмни ташкил қилади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб жисмоний ёки руҳий ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва тарбиячиларига меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун ҳар ойда тўланадиган устама ҳақи лавозим маошининг 75 фоизи миқдорида тўланади;

васийлик ва ҳомийлик органлари ходимларига ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш билан боғлиқ транспорт харажатларини қоплаш учун ҳар ойда 170 000 сўм миқдорида компенсация тўланади, кейинчалик инфляция ҳажмидан кам бўлмаган миқдорда ошириб борилади;

болалар уйлари, ногирон болалар учун “Мурувват” интернат уйлари ҳамда сил касаллигига қарши болалар санаторийси тарбиячиларига тегишли тоифадаги давлат мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкаси миқдорлари қўлланилади;

оилавий болалар уйлари тарбияловчи ота-оналарининг базавий тариф ставкаси “Меҳрибонлик” уйлари тарбиячилари учун белгиланган базавий тариф ставкасининг икки баробари миқдорида ҳисобланади, бунда меҳнатнинг алоҳида шароитлари учун амалдаги устама ҳақи бекор қилинади ва “Меҳрибонлик” уйлари тарбиячилари учун белгиланган ҳар йилги таътиллар, имтиёзлар ва кафолатлар бериш тартиби сақлаб қолинади.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларига 1 та психолог штат бирлиги, тарбияланувчилари сони 200 нафардан ортиқ бўлган “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларига 2 та психолог штат бирликларини киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2019 йил давомида “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Халқ таълимини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан замонавий компьютер синфларини очиш, тарбияланувчиларни замонавий компьютер дастурлаш кўникмаларига ўқитишни ташкил қилиш ва ахборот технологиялари соҳасида ёш мутахассислар тайёрланишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, манфаатдор вазирликлар, идоралар, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда оила институтини мустаҳкамлаш, ижтимоий етимликнинг олдини олиш, шунингдек, “Меҳрибонлик” уйларини босқичма-босқич кам комплектли болалар шаҳарчаларига ҳамда ижтимоий муассасаларнинг бошқа муқобил шаклларига ўтказиш мақсадида 2019 йил 1 июнга қадар муддатда 2019-2023 йилларда“Меҳрибонлик” уйларини ноинституционаллаштириш дастурини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига болаларни тарбиялаш учун оилага қабул қилаётган (патронат) васий ва ҳомийликка номзодларни, фарзандликка олаётганлар ва оилавий болалар уйларининг тарбияловчи ота-оналарини танлаш ва кузатиб бориш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Халқ таълими вазирлиги ва бошқа давлат органларининг “Ишонч телефонлари” орқали етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ёрдам кўрсатиш тизимини ташкил қилсин, шунингдек, “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларида зарур алоқа воситалари билан жиҳозланган алоҳида хоналар ажратилишини, “Ишонч телефонлари” узлуксиз ишлашини ҳамда улардан тарбияланувчиларнинг эркин фойдаланишини таъминласин.

4. Етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилишни кучайтириш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.

5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

оилавий васийлик ва ҳомийликнинг турли шаклларини яратишга кўмаклашсин;

2019 йил 1 июнга қадар “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларининг ҳудудлари ва хоналари видеокузатув камералари билан жиҳозланишини таъминласин, видеоёзувлар махсус архивда камида бир ой давомида сақланишини назарда тутсин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари ва болалар уйларидаги видеокузатув камераларининг техник созлиги ва узлуксиз ишлашини, кейинчалик уларни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида архивлаштиришни таъминласин.

6. Васийлик ва ҳомийлик органлари, “Меҳрибонлик” уйлари, болалар шаҳарчалари, болалар уйлари ҳамда етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун бошқа тарбия муассасалари:

давлат нотариал идоралари, Давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ ва ички ишлар органлари, давлат тиббиёт ва бошқа муассасалар орқали етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш билан боғлиқ ҳужжатларни расмийлаштиришда;

етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда давлат божи ва бошқа тўловлардан озод этилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда харажатлар сметасини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг соҳага ихтисослаштирилган муассасаларида тиббиёт тизими педагогик ходимларининг малакасини ошириш учун маблағларни назарда тутсин.

Белгилансинки, асосий ишидан ажралган ҳолда педагог ходимларнинг малакасини ошириш курсларига юборилган тингловчиларга ўқиш даврида асосий иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи сақланади.

8. Қуйидагилар учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, шаҳар (туман) ҳокимлари:

“Меҳрибонлик” уйларига кам таъминланган ва кўп болали оилаларнинг болалари ҳамда ота ёки онадан бирига эга болаларни вақтинчалик жойлаштириш бўйича қарорларнинг асослантирилганлиги;

уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга ўз вақтида турар жойлар ажратилишини қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш учун шахсий жавобгар эканлиги кўрсатиб ўтилсин.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга турар жойлар ажратилиши устидан назоратни кучайтирсин.

9. Тижорат банкларига етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шу жумладан, улар тоифасига кирадиган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахсларга ёш оилалар учун назарда тутилган шартларда, кўп квартирали уйлардан квартира сотиб олиш мақсадида имтиёзли ипотека кредитлари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун кредитлар ажратиш тавсия этилсин.

Белгилансинки, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой сотиб олиш учун ипотека кредитининг дастлабки бадали Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлаб берилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг маиший ва турар жой шароитларини яхшилаш мақсадида, шаҳарлар ва қишлоқ жойларида арзон кўп квартирали уйларни қуриш параметрларини шакллантиришда, 2020 йилдан бошлаб уй-жойга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга имтиёзли ипотека кредити бериш асосида сотиш учун уйлар қурилишини назарда тутсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда бир ой муддатда тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ишга жойлаштирилиши устидан тизимли мониторинг механизмини ўрнатсин;

Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирдаги лойиҳасини ишлаб чиқишда тарбия муассасаларини тамомлаган етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ишга жойлаштириш бўйича қўшимча кафолатларни назарда тутсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

“Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчалари тарбияланувчиларини дастурлаш кўникмаларига ўргатиш ҳамда ахборот технологиялари соҳасида ёш мутахассисларни тайёрлаш мақсадида уларнинг Интернет тармоғига уланиши ва компьютерлар билан жиҳозланишини, бунда 10-11 синф ўқувчиларига “ахборот-коммуникация технологиялари” йўналишида етакчи ташкилотларда ишлаб чиқариш амалиётини ўташи учун шароитлар яратилишини;

электрон ўқув, шу жумладан, компьютер дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги материаллардан фойдаланиш мақсадида “Меҳрибонлик” уйлари ва болалар шаҳарчаларининг “ZiyoNET” таълим тармоғига уланишини таъминласин.

13. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги 2019 йил 1 апрелга қадар етим болалар ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уларнинг тутинган ота-оналари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига доимий прописка қилинишини таъминлаш бўйича таклифлар киритсин.

14. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур қарорда кўзда тутилган тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан маблағлар ажратсин, шунингдек, ҳар йили Давлат бюджети параметрларида ушбу кўрсатилган мақсадлар учун маблағни назарда тутсин.

15. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

16. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.А.Абдуҳакимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                         
Шавкат Мирзиёев 

Тошкент шаҳри,
2019 йил 11 февраль

 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Президент қарори Етим болалар

Баҳолаганлар

169

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг