Президент дориларнинг ноқонуний айланишига доир қарорни имзолади
Жамият
−
07 Сентябрь 2019
5051Ўзбекистон Республикаси Президенти "Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида"ги қарорни имзолади. Қарорнинг тўлиқ матни илан қуйида танишинг.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Дори воситаларининг ноқонуний айланиши ва уларнинг суиистеъмол қилинишига йўл қўймаслик, кучли таъсир қилувчи моддалар айланишини тартибга солишни такомиллаштириш, шунингдек, аҳолининг соғлиғини сақлашни таъминлаш, ҳар томонлама баркамол авлодни тарбиялаш учун қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Бош прокуратураси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг:
2019 йил 1 декабрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган алоҳида дори воситалари буюм-миқдор жиҳатдан ҳисобга олиниши лозим ва уларнинг чакана реализацияси (берилиши) фақат ижтимоий дорихоналар, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни сақлаш ва реализация қилиш (бериш) фаолиятига лицензияси мавжуд бўлган дорихоналар томонидан амалга оширилиши;
шифокор рецепти бўйича бериладиган дори воситалари ва тиббий буюмлар, шу жумладан, кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларининг ноқонуний чакана савдоси ҳолатларига барҳам бериш бўйича текширишлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга хабар бериш тартибида, Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали амалга оширилиши;
кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази қошида ташкил этиладиган идоралараро эксперт гуруҳи (кейинги ўринларда – эксперт гуруҳи) таклифлари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши тартибини ўрнатиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхати ва эксперт гуруҳининг таркибини тасдиқласин.
3. Белгилансинки:
кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилган дори воситаларини бериш учун ёзилган рецептлар дорихоналарда бир йил давомида сақланади;
мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар тиббиёт ташкилотларида беморга рецептли дори воситаларини белгиланган тартибда рецептни расмийлаштирмасдан тайинлаш тақиқланади;
2020 йил 1 январдан бошлаб дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишдаги лицензия талаби ҳисобланади (қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиаллари бундан мустасно), мазкур талабнинг мунтазам равишда (бир йил давомида икки ва ундан ортиқ марта) бузилиши лицензиянинг амал қилишини ўрнатилган тартибда тугатиш учун асос бўлади.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:
дори воситаларининг нотиббий мақсадларда истеъмол қилиниши устидан доимий мониторинг олиб борсин ва зарур ҳолларда эксперт гуруҳига тегишли таклифларни киритиш чораларини кўрсин;
икки ой муддатда дори воситалари ва тиббий буюмларни реализация қилиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни такомиллаштиришга оид, шу жумладан, рецепт бўйича дори воситаларини бериш тартибини бузганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизими ходимлари штатининг умумий чекланган сони доирасида, дори воситалари ва тиббий буюмларнинг чакана савдосига қўйиладиган лицензия талабларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлашга жавобгар бўлган ходимларнинг штат сонини кўпайтириш бўйича таклифлар киритсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига фармацевтика маҳсулотлари ҳаракатини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг ахборот тизимини (кейинги ўринларда – Ахборот тизими) яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларнинг етарли даражада эмаслиги ва натижа бермаётганлиги кўрсатиб ўтилсин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Ахборот тизимини белгиланган муддатларда жорий этиш жараёнини фаоллаштирсин ва жадаллаштирсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
уч ой муддатда Дори воситалари ва тиббий буюмларга электрон тарзда рецепт бериш ахборот тизими (кейинги ўринларда – Электрон рецепт бериш тизими)ни жорий этиш бўйича техник ҳужжатларни ишлаб чиқсин ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКка киритсин;
2021 йил 1 январга қадар Электрон рецепт бериш тизими, шу жумладан, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида жорий этилишини таъминласин ва уни Ахборот тизими билан интеграциялаш имкониятини назарда тутсин.
8. Белгилаб қўйилсинки:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Электрон рецепт бериш тизимининг буюртмачиси ҳисобланади;
2021 йил 1 мартдан бошлаб Электрон рецепт бериш тизими мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъи назар Тошкент шаҳридаги барча тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналари учун, 2022 йил 1 мартдан бошлаб эса босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида қўлланилиши мажбурий ҳисобланади;
Электрон рецепт бериш тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кейинчалик қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, ахборотлаштириш объектларини текширувдан ўтказиш, техник ва лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлаш, сервер, коммутация ва компьютер ускуналарини харид қилиш “Соғлиқни сақлаш” тармоғи учун ажратиладиган бюджет ажратмалари доирасида, шунингдек, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатларнинг маблағлари, давлат-хусусий шериклик шартномаси доирасида хусусий шерик маблағлари ҳамда қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асослантирилган ҳисоб-китоблари бўйича бир ой муддатда ахборотлаштириш объектларини текширувдан ўтказишга, техник ва лойиҳаолди ҳужжатларини тайёрлашга ҳамда Электрон рецепт бериш тизимини экспертиза қилишга Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йилдаги “Соғлиқни сақлаш” тармоғи учун тасдиқланган параметрлари доирасида зарур маблағлар ажратилишини таъминласин.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар Электрон рецепт бериш тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этишни белгиланган тартибда молиялаштириш учун халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ва донор мамлакатларнинг маблағлари жалб этилишини таъминласин.
10. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасида Электрон рецепт бериш тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича “Йўл харитаси”ни мазкур қарорнинг талабларини ҳисобга олиб ҳамда масъул ижрочилар ва аниқ муддатларни белгилаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан биргаликда икки ҳафта муддатда дори воситалари, шу жумладан, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини шифокор рецептисиз истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда ахборот-тарғибот ишларини кенг кўламда ташкил этиш бўйича медиа-режани тасдиқласин, бунда шу билан бирга жамиятда соғлом турмуш тарзига риоя этиш юзасидан махсус рукнлар ва мавзуга оид материаллар жойлаштирилиши назарда тутилсин.
12. Соғлиқни сақлаш вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2019 йил 6 сентябрь
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь