Президент бўлолмаган, ном-нишонсиз кетган номзодлар
Жамият
−
10 Июль 2023
12957Бугун, 9 июль куни Ўзбекистонда муҳим сиёсий жараён – муддатидан илгари президетлик сайлови бўлиб ўтди. Эрталаб соат 8:00 дан бошланган овоз бериш жараёнларида сайлаш ҳуқуқига эга 18 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари иштирок этди. Ҳамманинг диққат марказида эса бу йилги сайловда президентликка номзодини қўйганлар. Аммо биз ҳозир улар ҳақида гапирмаймиз. Бизни кўпроқ қачонлардир Ўзбекистон Республикаси Президентлигига даъвогарлик қилганлар, аммо бу орзуси амалга ошмай қолган собиқ номзодлар қизиқтирмоқда. Хўш, улар қаерда? Нима қиляпти? Жорий сайловда овоз бердими? QALAMPIR.UZ олдинги сайловларда ўз номзодини илгари сурганларнинг 2023 йил президентлик сайловидаги иштироки акс этган видео ва фотоларни жамлади.
Алишер Қодиров
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров жорий сайловда ўзи ёки партия аъзоларидан бирини эмас, Либерал-демократик партиядан вакил, амалдаги Президент Шавкат Мирзиёев номзодини маъқуллаганини маълум қилган эди. У Тошкент шаҳар Миробод туманидаги 83-мактабда жойлашган сайлов участкасида овоз берди. У ўз суратини ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлар экан, мана бундай ёзади:
“Ватаним тараққиёти ва халқим фаровонлиги учун овоз бердим. Давлатим, миллатим, кўп миллатли Ўзбекистон халқи ва партия, шубҳасиз, тўғри йўлда, деб ҳисоблайман”.
Алишер Қодировнинг ўзи QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, овоз бериб бўлиши билан у хорижий меҳмонлар билан сафарга, Жиззахга отланган.
Қодиров 2021 йилги президентлик сайловида “Президентликка Алишер қодир” шиори билан ўз номзодини илгари сурган ва бошқа йиллардагига нисбатан қизиқроқ ўтишига ҳисса қўшганди. Чунки 2021 йилги сайловда президент ва одатий нотаниш номзодлардан фарқли равишда, гарчи туширган “қовун”лари билан машҳур бўлса-да, Алишер Қодировни одамлар яхши танир эди.
Шунингдек, унинг сайловолди тарғибот баннерлари ҳам одатдагидан тамоман бошқача, мутлақо креатив бўлгани учун одамлар орасида яхшигина муҳокама қилинганди ҳам.
“Оқни оқ, қорани қора деймиз. Ҳақиқатга тик боқамиз. Муаммоларни тан оламиз ва барчасини бугун ўзгартирамиз. Ўзбекистонни ўзгартиришга қодир — Алишер Қодировга овоз беринг” дейилганди унинг сайловолди тарғибот видеоролигида.
Шунингдек, у сайловда ҳар бир фуқаронинг овози муҳим эканини айтиб, одамларни обдон сайловга чорлаганди ҳам. Аммо 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтган президентлик сайловида “Миллий тикланиш” демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров – 5,48 фоиз овоз олиб, 3-ўринни эгаллаганди, холос. Шундай қилиб у президентликка қодир бўлмай қолган.
Мақсуда Ворисова
Ўзбекистон “Халқ” демократик партияси Марказий Кенгаши раисининг Депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш масалалари бўйича ўринбосари Мақсуда Ворисова Учтепа туманидаги 201-сайлов участкасида овоз берди.
У 2021 йилги президентлик сайловида Ўзбекистон “Халқ” демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилиб, 6,63 фоиз эришганди ва сайловда иккинчи ўрин соҳиби бўлганди. Аммо буни мусобақа эмас – президентлик сайлови деб қўйибди. Унда 2-3 ўринлар бўлмайди, кумуш ва бронза берилмайди. Бунда фақат биринчи ўрин муҳим. Ғолиб эса Либерал-демократик партиядан номзод Шавкат Мирзиёев бўлган. Натижа 80,12 фоиз. Аммо мазкур сайлов аҳоли сони ошиб борганига қарамай, Ўзбекистонда энг кам фуқаро қатнашган сайлов эди.
Шундай бўлса-да, 2021 йилги президентлик сайловининг баҳсларга ва тортишувларга бой бўлган, ушбу тортишувлар эса худди “барча йўллар Римга олиб боради” деганларидек алал-оқибат Алишер Қодировга келиб тақаларди.
Масалан, ўтган сафарги сайловда Мақсуда Ворисова Алишер Қодировни “Бугунги гапи эртага тўғри келмайдиган” одам деб атаганди.
“Бугунги гапи эртага тўғри келмайдиган “Миллий тикланиш”нинг “сўзамол” номзоди ҳар доимгидек осон, енгил йўл қидираётганга ўхшайди. Ғоявий-мафкуравий курашнинг уддасидан чиқа олмагани учун бошқа партияларнинг номзодларига, уларнинг шахсиятига ташланиб кўрди. Баҳсли чиқишлардан кейин “Миллий тикланиш” номзодининг рейтинги пастга шўнғиб боряпти. Ўзбекистон сиёсий саҳнасида биринчи бўлиб пайдо бўлган тажрибали партиямизга эски даврни қўмсаш айбини қўйишга уринганлар ниятига эришолмай, энди “Адолат” СДПнинг сиёсат майдонида тажрибасизроқ раҳбари, партия номзодини дебатга, яъни баҳс-мунозарага чорлабди. Бу мақтаниладиган хусусият эмас”, деганди у Қодировга қарата ёзилган мақоласида.
Шунингдек, у Қодиров сайловга олиб кирган баҳсли муҳитни тинчитиш тарафдори бўлган. У сайловолди компаниясида бир-бирини айблаш эмас, ғоявий кураш олиб бориш муҳимлиги, сайловчига асосан шу кераклигини айтиб, Қодировга дакки берганди.
“Сиёсий рақобатда муқаддам кузатилган “саҳна асарлари”нинг ҳеч кимга кераги йўқ. Ўтмишда йўл қўйилган хатолардан хулоса чиқаришимиз шарт. Сайловчига амалий дастурлар сув ва ҳаводек зарур. Шу сабабли халқимиз Президент сайловини катта умидлар билан кутаяпти. Бугунги сайловчи кечаги сайловчи эмас. Дебатлар масаласи фаол жамоатчилик томонидан энг кўп сўралаётган саволлардан бўлаётган экан, биз бу чақириққа жавоб беришимиз керак, деб ўйлайман. Фақат сиёсий мунозарада ўзидан кейинроқдаги рақибларга эмас, олдироқда турган рақибларга қараб интилган маъқул”, деган эди Ворисова сайловолди жараёнларини қизитиб. Қодировга бўлган шунга ўхшаш эътироз номзодларнинг яна бирида ҳам бор эди.
Баҳром Абдуҳалимов
2021 йилги сайловда “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилган Баҳром Абдуҳалимов жорий йилги ўзининг номзоди қўйилмаган сайловда Шайхонтоҳур туманидаги 132-мактабда ташкил этилган 405-сайлов участкасида овоз берди.
2021 йилги президентлик сайловида Абдуҳалимов 3,39 фоиз билан энг охирги ўринни эгаллаганди. Шундай эса-да, у сайловда яхшигина рақобатга киришган ва ҳатто рақиби Алишер Қодировни кўчирмачиликда айблаганди ҳам.
“Миллий тикланиш” ДП раиси муносабат ва мурожаатлар билан ҳарчанд чиқишлар қилмасин, “Адолат” СДПнинг мазкур сиёсий лидерга нисбатан “кўчирмакаш” деган тасаввурини синдира олмаяпти. “Бу партия ўз қарашларига ва танлаган йўлига эгалигига ишонишни хоҳлаяпмиз, аммо вазият борган сари тескари томонга қараб кетмоқда”, деганди у кириш имтиҳонларини осонлаштириб, 1–2 йил ичида зўрлар ва зўракиларни ажратиб олишни ва уларга давлат ва бизнес грантларини тақдим этишни таклиф этиб чиққан Қодировга жавобан.
У бу таклиф “Адолат” СДПнинг ғояси эканини айтиб, Қодировни партиянинг бошқа ғояларини ўғирлашда ҳам айблаганди.
“Сайловолди дастуримда “Олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритамиз ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтингга эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрнатамиз”, деб таъкидлаб ўтганман. (“Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси, 2021 йил, 10-сентябрь, 37-сон. Номзоднинг Қурултойдаги маърузаси)”, деган у ўз фикрини исботлаб.
Нарзулло Обломурадов
2021 йил 1 февралдан 2022 йил 19 декабргача Ўзбекистон Экологик партияси етакчиси бўлган Нарзулло Обламуродов Тошкентнинг Янги Чоштепа массивидаги 303-мактабда отаси, онаси, турмуш ўртоғи ва фарзанди билан овоз берди.
У 2021 йилги президентлик сайловида ўзининг номзоди илгари сурилганда ҳам оиласи билан сайлов участкасига келган, биргаликда овоз бериш жараёнида қатнашганди. Ўзбекистондаги энг ёш партиядан номзод сифатида кўрсатилган Обломуродов 2021 йилги сайлов якунида 4,14 фоиз овоз билан беш нафар номзод ичида тўртинчи бўлган.
QALAMPIR.UZ шу билан тинчимади. Биз 2016 йилги президентлик сайловида номзод сифатида кўрсатилганларни ҳам аҳтардик. Айримларини топдик, айримларини эса топишнинг умуман иложи бўлмади. Мана, у ким – Ҳотамжон Кетмонов!
Ҳотамжон Кетмонов
2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловида амалдаги Президент Шавкат Мирзиёевга рақиб сифатида иштирок этган, Ўзбекистон “Халқ” демократик партиясининг 2016 йилги собиқ номзоди Ҳотамжон Кетмонов “ерда ҳам, кўкда ҳам” йўқ. Таҳририят мухбирларининг икки кун давомидаги Кетмоновни излашга қаратилган саъй ҳаракатлари бесамар якунланди. Қачонлардир “Халқ” демократик партияси Марказий кенгаши раиси бўлган Кетмоновнинг қаердалигини бугун партиянинг ахборот хизматидагилар ҳас билмайди. Чунки у 2019 йилда Ўзбекистон “Халқ” демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдан ташқари XII Пленумида раисликни тарк этишини эълон қилган эди. Ҳотамжон Абдураҳмонович Кетмонов бунга сабаб сифатида бошқа ишга ўтганлигини кўрсатган.
Жами сайловчиларнинг 87,73 фоизи, 17,94 миллион фуқаро иштирок этган 2016 йилги сайловда Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз овоз тўплаган эди.
Наримон Умаров
2016 йилги президентлик сайловида “Адолат” социал-демократик партиясидан номзод сифатида кўрсатилган, аммо мағлубиятга учраган Наримон Умаровнинг 2023 йилги сайловда гарчи тоби қочиб қолган бўлса-да, президентлик учун овоз беришни уддалаган.
2016 йилги сайловда Мирзиёевга рақиб сифатида “Адолат” социал-демократик партиясидан иштирок этган Умаров 3,46% лик овоз билан учинчи бўлганди.
Сарвар Отамуродов
“Миллий тикланиш”дан 2016 йилги сайловда номзоди қўйилган, 2019 йилда эса Ҳотамжон Кетмонов билан деярли бир вақтда партия раислигидан кетган Сарвар Отамуродов 2023 йилги сайловда овоз бериш учун Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 23-сайлов участкасига етиб келган.
QALAMPIR.UZ мухбири узоқ пайтдан бери сиёсат майдонида кўриниш бермаётган собиқ нозоддан интервью олиб, ундан 2016 йилги ва жорий сайловнинг ўртасидаги фарқни сўради. Шунингдек, у нега собиқ номзодлар сайловдаги иштирокидан сўнг кўриниш бермаслиги ҳақидаги саволга ҳам очиқча жавоб берди. Сарвар Отамуродов 2016 йилги президентлик сайловида 2,35 фоиз овоз билан энг кам натижани қайд этганди.
Хуллас, шу даврга қадар бўлиб ўтган сайловлар орасида айнан 2021 йилги сайлов креативлиги, рақобат муҳити, қизиқарлилиги ва номзодларнинг азалий 3-4 фоизлик чегарасини босиб ўтгани билан тарихда қолди. Кўрамиз, жорий сайлов нимаси билан тарихга кирар экан?
LiveБарчаси
АҚШ долларининг расмий курси пасайди.
27 Декабрь