Президент БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раисини қабул қилди

Жамият

−

image

Бугун, 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 81-сессияси раиси, Бангладеш Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири Халилур Раҳмонни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, юқори мартабали меҳмон 21-22 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган “Болалар фаровонлигига инвестиция: келажак авлодлар барқарор ва адолатли тараққиёти сари йўл” мавзусидаги Жаҳон саммитида иштирок этиш учун мамлакатга келган.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Халилур Раҳмонни БМТ Бош Ассамблеясининг 81-сессияси Раиси этиб сайлангани билан самимий табриклаб, мазкур мақомда ташриф буюрган биринчи мамлакат Ўзбекистон эканини алоҳида қайд этган.

Ўз навбатида, Халилур Раҳмон Ўзбекистон Президентига БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг самимий саломини етказган.

Мулоқот чоғида БМТ ва унинг тузилмалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилган.

Сўнгги йилларда мамлакат ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси 15 та резолюцияни қабул қилган, уларнинг иккитаси жорий йилда маъқулланган.

Ўзбекистон ташкилотнинг асосий органлари ва тузилмалари ишида фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, мамлакатимиз 2035-2036 йиллар учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига ўз номзодини илгари сурган.

Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ҳамда тинчлик маданияти ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш масалаларида конструктив ҳамкорликни янада ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани тасдиқланган.

Икки томонлама муносабатлар ҳақида сўз юритилар экан, Жанубий Осиёнинг жадал ривожланаётган давлатларидан бири Бангладеш билан кўп қиррали шерикликни янада кенгайтиришга тайёрлик билдирилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг