Президент ўтказган йиғилишда кимлар “учди”?
Таҳлил
−
28 Январь 13680 2 дақиқа
27 январь куни Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бошқармасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолиятини кескин танқид қилди. Давлат раҳбари Тошкент шаҳри республикага намуна бўлиши керак бўлган пайтда, масъуллар ҳануз эскича ишлаш услубидан воз кеча олмаётганини қоралади.
Йиғилишда Тошкент шаҳри ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари — прокуратура, ички ишлар, хавфсизлик, гвардия, суд, адлия, божхона ва солиқ тизими мутасаддиларининг фаолияти қониқарсиз деб топилди. Хусусан, жиноятчиликнинг олдини олиш ўрнига айрим раҳбарлар фақат ташқи кўриниш ва расмий айланишлар билан банд эканига эътироз билдирилди.
Президент пойтахтда профилактика ишлари суст ташкил этилгани, профилактика инспекторлари ўз вазифаларидан чалғитилиб, бошқа ишларга жалб этилаётгани сабабли маҳаллаларда уларни топиб бўлмаётганини қайд этди. Айрим маҳаллаларда давлат раҳбари топшириғи билан ўтказилган текширувларда инспекторларнинг иш жойида йўқлиги аниқланган.
Видеоселектор йиғилишида Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва Республика профилактика бошлиғи Ҳотам Қодиров эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бунга йирик бозорлар ва гавжум ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида идоралараро ҳамкорликнинг етарли эмаслиги сабаб бўлгани айтилди. Ўтган йили бозор ва истироҳат боғларида 87 та жиноят содир бўлгани ва пойтахтда 774 та ёнғин қайд этилгани маълум қилинди.
Шунингдек, Президент наркожиноятчиликка қарши курашда қатъият етишмаётганини танқид қилиб, Тошкентда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар сони 4 мингдан ошганини билдирди. Давлат раҳбари хорижда ҳам айрим Ўзбекистон фуқаролари уюшган гуруҳлар тузиб, жиноят содир этаётгани мамлакат обрўйига жиддий путур етказаётганини алоҳида қайд этди.
Йиғилишда солиқ тизимидаги ҳолат ҳам кескин танқид остига олинди. Солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев лоқайдлиги ва масъулиятсизлиги сабабли вазифасидан озод этилди. Президент Солиқ қўмитаси раисига Тошкент шаҳридаги барча туман солиқ инспекциялари бошлиқларини ҳам ишдан олиб, уларни вақтинча вазифа бажарувчи сифатида қолдириш бўйича топшириқ берди.
Видеоселекторда, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги давлат харидлари доирасида 186 миллиард сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган. Ушбу ҳолат юзасидан вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ва департамент бошлиғи Рустам Турсуновга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Умуман олганда, коррупцион схемалар орқали 4,2 триллион сўм зарар етказилгани, шундан 1,3 триллион сўми ундирилиб, 55 нафар шахс қамоққа олингани маълум қилинди.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеорепортажни томоша қилинг.