Президент бир неча давлатларда тўқимачилик савдо уйларини очишга топшириқ берди
Жамият
−
18 Декабрь 2023
4598Президент Шавкат Мирзиёев келгуси йилда Ханой (Вьетнам), Лоц (Польша), Иваново (Россия), Прата (Италия) шаҳарларида тўқимачилик савдо уйларини очишга топшириқ берди. Бу ҳақда бугун, 18 декабрь куни давлат раҳбари раислигида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
Ушбу йиғилишда бугунги кунда трикотаж кийим ва мато, газлама, кабель, маиший техника, мевалар, узум, дуккакли экинлар, қайта ишланган мева-сабзавот каби энг кўп экспорт бўладиган 10 турдаги маҳсулотни ташқи бозорларга олиб киришда кўплаб тўсиқлар борлиги қайд этилди.
Унга кўра, тармоқлар ҳар доимги экспорт бозорлари билан чекланиб қолаяпти ҳамда янги бозорларга кириб боришга уларда тоқат етишмаётгани кўрсатиб ўтилган.
Йиғилишда мутасаддиларга экспортбоп 10 турдаги тайёр маҳсулотнинг ҳар бирига 10 тадан янги истиқболли бозорни белгилаб, бозорларда маҳсулотларга техник ва сифат талабларини ўрганиб, Ўзбекистон корхоналарига уларни ўргатиш, лабораториясига ёрдам бериш топширилган. Хориждаги ҳамкасблар билан музокара ўтказиб, сертификат, бож ва йиғимларни юмшатиш бўйича чоралар кўриш вазифаси қўйилган.
Давлат раҳбари ишлаб чиқариш ва экспортни ошириш бўйича янги имкониятларни ҳам кўрсатиб ўтган.
Тўқимачилик саноатида кийим-кечак, уй текстили, меҳмонхона учун сочиқ, чойшаб, ёстиқ, матрас, парда каби мамлакатда ишлаб чиқарса бўладиган товарлар асосан четдан олиб келинаётгани қайд этилиб, аралаш тола ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини кўпайтириш кераклиги таъкидланган.
Бунинг учун биринчи босқичда 125 минг тонна сунъий толадан ип-калава ишлаб чиқариш бўйича 15 та лойиҳа ишга туширилиши белгиланди. Шунингдек, Андижон шаҳрида 15 миллион долларлик, Самарқанд шаҳрида 20 миллион долларлик лойиҳа ҳисобига сунъий толадан парда ва мебель матолари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Келгуси йилда тўқимачиликда яна камида 700 миллион доллар қўшилган қиймат яратиш, трикотаж бўёқхоналар қувватини 40 фоизга, газлама матода – 30 фоизга олиб чиқиш зарурлиги кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, мутасаддиларга тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи тўқимачилик корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим жорий қилиш топширилиб, юқори қиймат берадиган янги лойиҳаларга 200 миллион доллар ресурс сифатида ажратилиши белгиланди.
Бу маблағлар йирик тозалаш иншоотлари қуриб бериладиган ҳудудда бўёқхоналар ташкил қилиш лойиҳаларига берилади. Уларга сувни тозалаш иншоотлари харажатлари давлат ҳисобидан қопланади.
Президент йиғилишда маҳсулотларни халқаро бозорларга олиб чиқишга ҳам алоҳида тўхталиб ўтган.
Урғуланишича, машҳур брендлар ўзи ишлаб чиқариш қилмай, балки аниқ талабларни белгилаб, буюртмаларини бунга жавоб берадиган ишлаб чиқарувчиларга жойлаштиради. “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи бор маҳсулотлар ташқи бозорларда брендга айланмагани учун арзон сотилмоқда.
“Энди маҳсулотларни фақат ўзимиздан чиқиб кетгунича эмас, балки уларни ташқи бозорларда бренд сифатида танитиш учун шароит яратиб бериш зарурлиги таъкидланди. Савдо саноат палатаси мато, уй текстили, ички кийимлар, гилам, пойабзал, чарм аксессуарлар, қуритилган ва консерваланган мева-сабзавот, қандолат, лак-бўёқ, мармар, чинни, кафель, идиш ва сантехникалар бўйича машҳур брендлар буюртмаларини жойлаштирувчи 30 та “сорсинг” компанияси билан келишувга эришиб, маҳаллий корхоналаримиз билан боғлаши зарурлиги айтилди”, дейилади хабарда.
Шунингдек, келгуси йилда Ханой (Вьетнам), Лоц (Польша), Иваново (Россия), Прата (Италия) шаҳарларида тўқимачилик савдо уйларини очишга топшириқ берилди.
LiveБарчаси