Президент банк тизимини ислоҳ қилишнинг беш йиллик стратегиясини тасдиқлади
Жамият
−
13 Май 2020
8882Ўзбекистон Республикаси Президенти “2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони
Молиявий секторни изчил ислоҳ қилиш давомида қатор чора-тадбирлар амалга оширилди ва натижада илғор банк бизнесини юритиш ҳамда ушбу секторда рақобат муҳитини кучайтириш учун зарур ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилди.
Хусусан, халқаро стандартларга мувофиқ келадиган ва молиявий соҳага хорижий инвестициялар киритиш учун жозибадор ҳуқуқий муҳитни яратадиган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Валютани тартибга солиш тўғрисида”ги ҳамда “Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги янгиланган қонунлари қабул қилинди.
Шу билан бирга, банк соҳасидаги ҳозирги ҳолат таҳлили банк секторида давлатнинг юқори даражадаги аралашуви, давлат иштирокидаги банкларда менежмент ва таваккалчиликларни бошқариш сифатининг етарли эмаслиги, иқтисодиётда молиявий воситачиликнинг паст даражаси каби банк секторини иқтисодий янгиланишлар ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш, банкларнинг ҳудудларга кириб боришини кенгайтириш ва барча аҳоли пунктларида бир хил турдаги хизматлар кўрсатилишини таъминлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилиши лозим.
Банк тизимига замонавий сервис ечимлари асосида ахборот технологияларини, молиявий технологияларни кенг жорий этиш, ахборот хавфсизлигини лозим даражада таъминлаш, шунингдек, молиявий хизматлар кўрсатишда инсон омили таъсирини камайтириш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўриш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ–5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, хусусий сектор ривожини рағбатлантириш, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини, банк хизматлари оммабоплигини ва уларнинг сифатини ошириш учун банк секторини тубдан трансформация қилиш мақсадида:
1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасида банк секторини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
молия бозорида тенг рақобат шароитларини яратиш, кредитлашни фақат бозор шартлари асосида амалга ошириш, банкларнинг давлат ресурсларига қарамлигини пасайтириш, банкларда хизмат кўрсатишни модернизация қилиш, самарали инфратузилма яратиш ва банклар фаолиятини автоматлаштириш, шунингдек, банкларнинг асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган функцияларини босқичма-босқич бекор қилиш орқали банк тизимининг самарадорлигини ошириш;
кредит портфели ва таваккалчиликларни бошқариш сифатини яхшилаш, кредитлаш ҳажмлари ўсишининг мўътадил даражасига амал қилиш, мувозанатлашган макроиқтисодий сиёсат юритиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва халқаро амалий тажрибага эга бўлган менежерларни жалб қилиш, молиявий таваккалчиликларни баҳолаш учун технологик ечимларни татбиқ этиш орқали банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш;
давлат улуши мавжуд тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш, банк ишининг замонавий стандартларини, ахборот технологиялари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш, банклардаги давлат акциялари пакетини зарур тажриба ва билимга эга бўлган инвесторларга танлов савдолари асосида сотиш, шунингдек, давлат улуши мавжуд тижорат банклари ва корхоналарни бир вақтнинг ўзида ислоҳ қилиш орқали банк секторида давлатнинг улушини камайтириш;
етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган ва заиф қатламларда давлат иштирокини кўпайтириш ва манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматларни кенг жорий қилиш, камхарж хизмат кўрсатиш нуқталари тармоғини ривожлантириш, шунингдек, республиканинг ягона молия тизимидаги ўзаро тўлдирувчи қисм сифатида нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали молиявий хизматлар оммабоплигини ва сифатини ошириш.
2. Қуйидагилар:
2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси 1-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича “Йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. 2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегиясини амалга ошириш бўйича, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи мақсадли кўрсаткичлар 3-иловага мувофиқ белгилансин:
банк тизими активларининг жами ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссасини жорий 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш;
банклар мажбуриятларининг умумий ҳажмида хусусий сектор олдидаги мажбуриятлар ҳиссасини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига 70 фоизгача ошириш;
2025 йилга келиб давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига зарур тажриба, билим ва нуфузга эга камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш;
умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотлари улушини жорий 0,35 фоиздан 2025 йилга келиб 4 фоизгача ошириш.
4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банкининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:
халқаро молия институтлари кўмагида “Ипотека-банк” АТИБ, “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ, “Асака” АТБ, АТ “Алоқабанк”, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ ва “Туронбанк” АТБдаги давлат улушларини босқичма-босқич хусусийлаштириш, бунда биринчи босқичда уларни институционал ўзгартиришни (фаолиятини трансформация қилиш), иккинчи босқичда эса давлат акциялари пакетини сотишни назарда тутиш;
банк тизимини ислоҳ қилиш даврида аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизмини (“лойиҳалар фабрикаси”) кенг жорий қилиш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш мақсадида “Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки” АЖ, “Агробанк” АТБ ва “Микрокредитбанк” АТБ устав капиталларида давлат улушини сақлаб қолиш;
айрим банкларнинг фаолиятини диагностика қилиш ва молиявий аҳволини баҳолаш асосида, меъёрий талабларидан ҳамда қайта ташкил этишнинг иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ уларни консолидациялаш.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида вазирликнинг тасдиқланган штатлар сони доирасида Давлат улушига эга тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш бўйича лойиҳа офиси (кейинги ўринларда – Лойиҳа офиси) ташкил этилсин ҳамда унга қуйидаги ҳуқуқлар берилсин:
тижорат банкларини трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнларига маслаҳатчи сифатида халқаро консультантларни жалб қилиш;
тижорат банкларини трансформация қилиш, шунингдек, улардаги давлат акциялари пакетини хусусийлаштиришга доир масалаларда халқаро молия институтлари ва салоҳиятли хорижий инвесторлар билан музокаралар олиб бориш ва битимлар тузиш.
Белгилансинки, Лойиҳа офисига Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг биринчи ўринбосари раҳбарлик қилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги 2024 йилдан кечиктирмай Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки дастури (FSAP) асосида молиявий сектор ҳолатини баҳолашни ўтказиш чораларни кўрсин.
7. Вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари томонидан банкларнинг, шу жумладан, кредит портфели ва банк активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш фаолиятига аралашиш тақиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонунчиликнинг банклар фаолиятига давлат органларининг маъмурий аралашувига йўл қўймаслик қисми ижро этилиши устидан назоратни кучайтирсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини бошқариш бўйича кенгаш таркибига мустақил аъзоларни киритиш орқали уни институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш чораларини кўрсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Молия вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги “Республика иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4300-сон қарорига 1-илованинг 1–3-позициялари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.
11. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Шавкат Мирзиёев
Тошкент шаҳри, 2020 йил 12 май