Қаршида Гулнора Каримова учун қурилган Форумлар саройи меҳмонхонага айлантирилмоқда
Жамият
−
19 Август 2020
50408Қарши шаҳридаги Насаф кўчасида бундан бир неча йил илгари қад ростлаб, қурилиши тугалланмай қолган бино сотувга қўйилди. Ушбу иншоот кўп йиллардан буён Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова учун қурилган Форумлар саройи экани айтиб келинади.
“Қашқадарё” газетасининг ёзишича, ушбу бинони "Тонг сув қурилиш" МЧЖ аукцион савдоси орқали сотиб олган. Айни вақтда ушбу бино тўрт юлдузли меҳмонхонага айлантирилиши кутилмоқда.
“Меҳмонхона 140 ўринга мўлжалланади. Қурилиш-жиҳозлаш ишлари учун 3 миллиард сўм ўз маблағимиз, 7 миллиард сўм банк кредити йўналтиришни мақсад қилганмиз. Ҳозиргача ўз ҳисобимиздан 5 миллиард сўм сармоя киритдик. Қўшимча хоналар қурилди, том қисми ёпилди, бинонинг аввалги кўринишига анча ўзгариш киритилди. Қурилиш материаллари, жиҳозлар олиб келиш бўйича Хитой билан шартнома қилганмиз. Меҳмонхонани 2021 йил охиригача фойдаланишга топшириш мақсад қилинган”, дейди жамият раҳбари Поён Жўраев.
Айтишларича, бошда бинони янада баландроқ қилиб, ўринлар сонини ошириш кўзланган, бироқ аввалги лойиҳа 4 қаватга мўлжаллаб тузилгани сабаб таваккал қилинмаган, қўшимча қаватлардан воз кечилган.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги маълумотларга кўра, Гулнора Каримова Тошкент вилояти Зангиота туманида жойлашган 21-сонли жазони ўташ Колониясида сақланмоқда. У колонияга 2019 йилнинг 14 март куни олиб келинган ва 7-отряднинг 2-секторига (умумий режимдаги) жойлаштирилган.
Жорий йилнинг 18 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Гулнора Каримова ва у томонидан ташкил этилган жиноий уюшма аъзоларига нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ва суд ҳукми эълон қилинди.
Ўтказилган ёпиқ суд мажлисида судланувчилар, гувоҳлар, жабрланувчилар кўрсатмалари тингланди, далиллар текширилди ва судланувчилар ҳимоячиларининг важлари муҳокама қилинди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб, судланувчи Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва бошқа жиноятларни содир этганликда айбли деб топди.
Суд ҳукми билан Гулнора Каримовага 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жиноят қонунчилиги нормаларига мувофиқ ҳамда бир неча жиноят ва ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланганлигини инобатга олган ҳолда жазо муддатини 2015 йил 21 августдан бошлаб ҳисоблаш белгиланди.
Қолган судланувчиларга ҳам содир этилган жиноятларнинг оғирлилик ва ижтимоий хавфлилик даражаси ҳамда уларнинг жиноятлардаги иштирокидан келиб чиқиб, тегишли жазолар тайинланди.
Хусусан, суд ҳукмига кўра, Н. Содиковга 20 йил, О. Свиридовга 17 йил 3 ой, А. Эргашевга 18 йил 1 ой, Ш. Сабировга 17 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси, Г. Авакьянга 3 йил синов муддати билан 5 йил 3 ой 21 кун шартли равишда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ж. Абдурахманов ва Б. Тешабаев эса жавобгарликка тортиш муддатининг ўтиб кетганлиги муносабати билан жиноят учун жавобгарликдан озод қилиндилар.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь