Президент айрим давлатларнинг агрессив савдо сиёсатидан огоҳлантирди

Жамият

image

Баъзи давлатлар Ўзбекистон билан агрессив савдо сиёсати – рақобатга киришиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 апрель куни ўтаётган дунёда юз бераётган иқтисодий тебранишларнинг Ўзбекистон соҳа ва тармоқларига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди.

Давлат раҳбарига кўра, ўзига нисбатан энг катта импорт божлари қўйилган давлатлар эндиликда Ўзбекистон экспорт қилаётган йўналишларга ўзининг маҳсулоти билан кириш учун агрессив савдо сиёсатини юритиши мумкин. Гап Ўзбекистон кириб борган ип-калава, мато, газлама, тайёр текстиль ва маиший техника бозорларида ҳам аёвсиз рақобат бўлиши ҳақида кетмоқда. 

Йиғилишда қайд этилишича, биргина юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши ҳақида прогнозлар берилмоқда. 

“Уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорлари 10 триллион доллар йўқотгани биз учун қаттиқ “сигнал” бўлиши керак. 

Энг катта хавф – пандемия даврида бўлгани каби дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишидадир”, дейди Президент Мирзиёев. 

Ўзбекистон раҳбарига кўра, айниқса, бундай ҳолат жаҳон экспортида юқори улушга эга тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби “драйвер” тармоқларга катта зарба бериши мумкин.

Трампнинг бож сиёсати

Маълумот учун, март ойи бошида Дональд Трамп Хитой импортига бож тўловларини 10 фоиздан 20 фоизга оширди, чунки “Хитой ноқонуний наркотик инқирозини юмшатиш бўйича тегишли чораларни кўра олмади”. Ўтган ҳафта охирида Трамп 180 дан ортиқ мамлакат ва ҳудудларга, жумладан, Хитойга янги импорт тарифларини эълон қилди. 

Пекин Америка товарларига ҳам худди шундай божлар жорий этиши ҳақида огоҳлантирган. Бунга жавобан Трамп 7 апрель куни, агар Пекин жавоб чораларини бекор қилмаса, Хитойга 9 апрелдан бошлаб қўшимча 50% импорт божлари жорий этилишини айтди. Аммо шундан сўнг, АҚШ Хитойдан олиб кириладиган маҳсулотларга 104 фоизлик импорт божи жорий этишга қарор қилди. Хитой ҳам жим тургани йўқ. Қўшма Штатлар билан савдо можаросида Хитой ҳукумати Америка импортига илгари киритилган 34 фоизлик божлардан ташқари, 50 фоизлик янги жавоб тарифларини эълон қилди ва умумий миқдорни 84 фоизга етказди. Қасдма-қасдига қилгани каби АҚШ ҳам Хитойга нисбатан бож ставкасини 125 фоизгача кўтарди. АҚШ ҳам божларни ошириб, 145 фоизга етказди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев халқаро бозордаги вазият ўзгариши муносабати билан шошилинч йиғилиш ўтказганди. У 14 апрель куни Чимкент шаҳри жамоатчилиги билан бўлиб ўтган учрашувда глобал савдо урушини бошлаш режалари туфайли дунёда мураккаб вазият юзага келаётгани, савдо уруши қуролли тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев бож

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг