Президент МГИМОнинг филиалини очишга қарор берди
Жамият
−
12 Февраль 2019
5642Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти (университети)” Федерал давлат автоном олий таълим муассасасининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилди.
Филиалда қуйидаги йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади:
бизнес-информатика (бакалавр);
ижтимоий-иқтисодий жараёнларни тизимли таҳлил қилиш ва прогнозлаштириш (магистр);
халқаро хусусий, фуқаролик ҳуқуқи ва арбитраж (магистр);
халқаро савдо ва молия ҳуқуқи (магистр);
халқаро ташкилотлар учун синхрон таржимонлар тайёрлаш ва маданиятлараро коммуникация (магистр).
Филиал Ўзбекистон ва Россия қонунчилиги ва халқаро шартномаларига мувофиқ бош муассасанинг алоҳида таркибий бўлинмаси ҳисобланади.
Филиалда ўқув жараёни бакалавриат дастурлари бўйича тўрт йиллик ва магистратура дастурлари бўйича икки йиллик таълимни кўзда тутган бўлиб, асосан кундузги шаклда амалга оширилади.
Филиал битирувчиларига Ўзбекистонда олий таълим тўғрисидаги ҳужжат сифатида тан олинадиган бош муассасанинг белгиланган намунадаги дипломи берилади.
Филиалда таълим Россия Федерацияси федерал таълим стандартларига мувофиқ бош муассаса томонидан тасдиқланадиган ўқув режа ва таълим дастурлари асосида рус ва инглиз тилларида олиб борилади.
Барча даражадаги таълим дастурлари рус ва инглиз тилларидан ташқари қўшимча чет тилини ўқитишни кўзда тутади.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 11 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Маслаҳатчиси, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори Абдужаббор Абдувоҳитов Ўзбекистонда бўлиб турган Москва давлат халқаро муносабатлар институти (МГИМО) делегацияси раҳбари, институт проректори Артём Малгин билан учрашганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь