Президент 2 амалдорга “ҳайфсан”, 3 тасига огоҳлантириш берди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев икки амалдорга “ҳайфсан”, уч нафарига эса огоҳлантириш берди. Бу ҳақда Президентнинг Матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилмоқда. 

Айни вақтда Шавкат Мирзиёев раислигида саноат кооперациясини ривожлантириш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари 37 триллион сўмлик янги маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича 2022-2023 йиллар учун 2,5 мингта лойиҳани ишга тушириш бўйича қабул қилинган дастурнинг аниқ ижросини сўраш вақти келганини айтган.

Ушбу дастур ижроси бўйича Фармацевтика агентлиги режани 51 %га, “Ўзбекистон темир йўллари” эса 10 %га бажармагани,саноат кооперацияси бўйича ишлар бошланмагани, “Иссиқлик электр станциялари” эса режани атиги 26 %га бажаргани кўрсатилди.

Шунинг учун Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевга “ҳайфсан” эълон қилинди. Унинг иккала ўринбосарини ишдан олишга кўрсатма берилди. 

Бош вазирга мазкур Агентлик фаолиятини тубдан ўзгартириш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.

“Ўзбекистон темир йўллари” раиси вазифасини бажарувчи Хусниддин Хосиловга “ҳайфсан”, "Иссиқлик электр станциялари" раиси Фарҳод Абдураҳмонов, "Ўзметкомбинат" директори Рашид Пирматов, "Ўзбекнефтгаз" раисининг биринчи ўринбосари Шаҳзод Алиризаевга қатъий огоҳлантириш берилди.

Шунингдек, январь-февраль ойларида “Электрон кооперация” портали орқали 860 млрд сўмлик 5 мингта шартнома тузилган бўлсада, ижроси айрим ҳудудларда бажарилмагани, электрон савдоларда Қорақалпоғистон, Наманган, Сурхондарё ва Хоразмдаги корхоналар улуши 1 %ни ҳам ташкил қилмаслиги танқид қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

567

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг