БМТ коронавирусга қарши резолюцияни маъқуллади
Олам
−
12 Сентябрь 2020
6049БМТ Бош ассамблеяси коронавирус пандемиясига қарши кенг қамровли кураш тўғрисидаги резолюцияни маъқуллади. У эпидемиянинг ҳаётнинг барча соҳаларига таъсирни назарда тутади. Ҳужжатда COVID-19 ташкилот тарихидаги энг катта глобал муаммолардан бири эканлиги таъкидланган.
Маълум қилинишича, ушбу резолюция қабул қилинишини маъқуллаб 169 давлат овоз берган. АҚШ ва Исроил унинг қабул қилинишига қарши бўлди. Украина ва Венгрия овоз беришда бетараф қолди.
Ҳужжатга кўра, БМТ Бош ассамблеяси пандемиянинг ҳалокатли таъсиридан чуқур хавотир билдирмоқда. Шундай қилиб, жамият ҳаётида, иқтисодиётда, бандлик тизимида, жаҳон савдосида, саёҳат тизимида, шунингдек саноат, қишлоқ хўжалиги ва савдо соҳаларида жиддий зарбалар кузатилмоқда.
Матнда таъкидланишича, ташкилот ҳукуматлар ва фуқаролик жамиятларини пандемияга қарши чоралар кўришга чақирмоқда. Бунга соғлиқни сақлаш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимларини кучайтириш киради. Бундан ташқари, Бош ассамблея барча давлатлардан пандемияга қарши курашиш учун юқори сифатли, хавфсиз, самарали ва арзон нархлардаги диагностика, терапевтик воситалар, дори-дармон ва вакциналардан тўсиқсиз ўз вақтида фойдаланишларини таъминлашни сўрайди.
Маълумот ўрнида, дунё бўйлаб коронавирусга чалинганлар 28 миллион 700 983 нафарга етди. Уларнинг 20 миллион 620 593 нафари соғайган. Ушбу хавфли вирусдан 920 608 киши вафот этган.