Президент ҳокимларнинг иш ўрни яратиш бўйича режаларини қониқарсиз деб баҳолади

Жамият

image

Вилоят ҳокимлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги йил якунига қадар саноат зоналарида 2 мингта янги лойиҳани ишга тушириши шарт. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 26 май куни ҳудудларда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ва уларни муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида таъкидлади.

Давлат раҳбарига кўра, ҳокимларнинг ажратилаётган маблағлар ҳисобидан иш ўринлари яратиш бўйича режалари қониқарсиз. Шу сабаб бир ҳафта муддатда ушбу режаларни ажратилаётган маблағларга мос равишда қайта кўриб чиқиши керак.

“Умуман, вилоят ҳокимлари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги йил якунига қадар саноат зоналарида 2 мингта янги лойиҳани ишга тушириши шарт”, дейди Президент.

Вилоят ҳокимлари олдига бу лойиҳалар ҳисобига қўшимча 110 мингта иш ўрни яратиш, 17,5 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, камида 1 миллиард долларлик экспорт қилиш учун шароит яратиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, инфратузилмаси ҳал этилган саноат зоналарида 1 мингдан зиёд янги лойиҳага етадиган ер майдонлари мавжудлиги кўрсатиб ўтилди.

Икки ой муддатда 174 та махсус зонада камида 250 та ер майдонини аукционга чиқариб, лойиҳаларни бошлашга кўрсатма берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

69

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг