Президент ҳокимларга топшириқ ва 2 кун муҳлат берди
Жамият
−
08 Ноябрь 2019
9811Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 7 ноябрь куни жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш учун қўшимча имкониятларни аниқлаш ва ишга солиш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказгани ҳақида хабар бергандик.
Президент ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва ишлаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга сарфлаши лозимлигини таъкидлаб, жуда кўп раҳбарлар бунга бефарқлик ва масъулиятсизлик билан қараб келаётганини кескин танқид қилди.
Буни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналарига келиб тушган 26 мингта мурожаатнинг деярли ярми бевосита туман даражасида ҳал қилиш мумкин бўлса-да, муаммолар жойида ечилмагани учун фуқаролар юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлаётгани ҳам яққол кўрсатиб турибди.
Бундай ҳолатлар Самарқанд, Тошкент, Хоразм, Андижон, Жиззах, Қашқадарё вилоятларида анча юқори.
Шунинг учун, барча вилоят ва туманлар ҳокимлари икки кун муддатда Тадбиркорларга мурожаат қабул қилиши бўйича кўрсатма берилди.
Мурожаатда тадбиркорлар олдида бундан кейин ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаслиги, ҳудуддаги барча раҳбарлар уларга яқиндан кўмакчи бўлиши, ҳар куни доимий равишда тадбиркорлар масалалари билан шуғулланиши тўғрисида ҳокимлар шахсан кафолат беради.
Мурожаатнинг бош мазмуни ҳамма нарса тадбиркор учун эканлигини халқимизга етказишдан иборат. Шунинг учун Мурожаатни оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва аҳоли гавжум жойлардаги баннерларда эълон қилиб, унда ҳокимлар, секторлар ва мутасадди идоралар раҳбарларининг телефон рақамлари ҳам кўрсатилиши шартлиги белгиланди.
Шаҳноза Тўрамуротова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь