Премьер-лиганинг ёзги трансфер харажатлари тарихий рекордни янгилади
Спорт
−
02 Сентябрь 2025 2515 2 дақиқа
Англия Премьер-лигаси клублари 2025 йилги ёзги трансфер ойнасида мислсиз харажатлар қилди. Ёз бўйи амалга оширилган битимлар умумий миқдори 3,087 миллиард фунт стерлингни ташкил этди. Бу кўрсаткич нафақат ўтган йилги (1,96 миллиард фунт) ёзги трансфер харажатларини кескин ортда қолдирди, балки Бундеслига, Ла Лига, Лига 1 ва А Серия каби йирик чемпионатлар жамланмасидан ҳам кўпроқ бўлди. Бу ҳақда BBC хабар бермоқда.
Рекорд суммага эришилишига Александр Исакнинг “Ньюкасл”дан “Ливерпуль”га 125 миллион фунт эвазига ўтиши сабаб бўлди. Бу битим нафақат Англия, балки бутун Британия трансфер тарихида янги рекорд сифатида қайд этилди.
Трансфер ойнасининг сўнгги куни одатдагидек қизғин ўтди, бироқ энг катта шов-шувли янгиликлар унинг ёпилганидан кейин маълум қилинди:
- “Ньюкасл” Исакнинг кетишини қоплаш учун “Брентфорд” ҳужумчиси Йоан Виссани 55 миллион фунтга сотиб олди.
- “Фулхем” “Шахтёр”дан бразилиялик ҳимоячи Кэвинни 34,6 миллион фунтга олиб, клуб тарихидаги энг қиммат трансферни амалга оширди.
- “Манчестер Юнайтед” “Антверпен” дарвозабони Сенне Ламменсни 18,1 миллион фунтга сотиб олди. Шу билан бирга, Жейдон Санчо “Астон Вилла”га бир мавсумга ижарага берилди, у ерда у “Ливерпуль” ярим ҳимоячиси Харви Эллиот билан жамоадош бўлди.
- “Тоттенхэм” ПСЖ ҳужумчиси Рандал Коло Муанини ижарага олди.
- “Арсенал” эса Леверкузеннинг “Байер” клубидан ҳимоячи Пьеро Инкапьени мавсумий ижарага қўшиб олди.
- Янги кўтарилган “Сандерленд” бўлса, фаол харидларни давом эттириб, “Аякс” ҳужумчилари Браян Бробби ва Бертран Траорени, шунингдек, “РБ Лейпциг” ҳимоячиси Лутшарел Геэртруидани бир мавсумга ижарага олди.
Мутахассислар Премьер-лигадаги бу шиддатли трансфер фаоллигини бир неча омиллар билан изоҳламоқда:
- Телетрансляция ҳуқуқлари учун тузилган миллиардлаб фунтлик шартномалар;
- Европа мусобақаларида юқори натижа кўрсатиш истаги.
Шу тариқа, Премьер-лига яна бир бор Европа футбол бозорида ўзининг молиявий қудратини кўрсатди. Энди эса футбол ихлосмандлари миллиардлаб фунтлар эвазига тузилган жамоалар янги мавсумда қандай натижа кўрсатишини интизорлик билан кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги шов-шувли трансфер “Арсенал”нинг Эзини “Тоттемхэм”дан илиб кетгани бўлган эди.
Жаҳонгир Болтабоев
Live
Барчаси