Эронга кучли зарба берилди. Ҳамма ҳам бунга чидолмайди — Трамп
Таҳлил
−
12 Июнь 3972 6 дақиқа
АҚШ Эронга янги зарбалар берди. Уч кун олдин Исроилга Эронга ҳужум қилишдан тийилишни маслаҳат берган АҚШ президенти Дональд Трампнинг кўрсатмасига биноан, АҚШ Марказий қўмондонлиги 10 июнь куни кечқурун Эрондаги нишонларга қарши ҳужумлар қайта бошланганини маълум қилди. Ҳарбий баёнотда ушбу ҳужумлар Эроннинг “асоссиз ва давом этаётган тажовузига” жавоб экани таъкидланган. АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет эса, ушбу зарбаларнинг мақсади урушни кенгайтириш эмас, балки келишувга эришиш учун шароит яратиш эканлигини таъкидлади. Эрон эса, бунга жавобан Форс кўрфазидаги баъзи АҚШ ҳарбий базаларига, Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати эса Исроилга ҳужум бошлади. Эрон ҳам Ҳормуз бўғозини яна қайта ёпиб қўйди. АҚШ Марказий қўмондонлиги Эрон ҳудудидаги нишонларга 49 та “Tomahawk” қанотли ракетаси билан зарба берилганини тасдиқлади. Тинчлик умиди пайдо бўлган бир пайтда, нега яна қуроллар ишга тушди?
АҚШ Эронга янги зарбалар берди
АҚШ яна майдонга чиқди. 10 июнь куни АҚШ Марказий қўмондонлиги Президент Дональд Трампнинг кўрсатмасига биноан Эрондаги бир нечта нишонларга қарши “ўзини ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча зарбалар” берила бошланганини маълум қилди. Ҳарбийлар баёнотида ушбу ҳужумлар Эроннинг “асоссиз ва давом этаётган тажовузига” жавоб экани таъкидланган. Қўмондонлик маълумотларига кўра, операция АҚШ шарқий соҳили вақти билан соат 17:15 да бошланган. АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет эса ушбу зарбаларнинг мақсади урушни кенгайтириш эмас, балки келишувга эришиш учун шароит яратиш эканлигини таъкидлади.
“Президент Трамп Эронга кучли зарба беришимизни айтди ва биз буни амалга оширамиз”, деди Хегсет.
Операцияга 49 та “Tomahawk” қанотли ракетаси жалб этилган бўлиб, қирувчи самолётлар Эроннинг радар ва ҳаво мудофаа тизимларини нишонга олди. Ҳужумлар Эроннинг бир нечта вилоят ва шаҳарларини, жумладан Киш, Сирик, Миноб, Бандар-Аббос ва Исфаҳонни қамраб олган. Теҳрон ғарбидаги Караж шаҳрига эса икки марта зарба берилди.
Маълумотларга кўра, Сирик ҳудудидаги сув омборларига берилган зарба натижасида аҳоли сув таъминотидан узилган, бироқ кейинчалик сув таъминоти қайта тикланган. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси мамлакатнинг Жам шаҳри устида АҚШнинг MQ-9 Reaper учувчисиз аппаратини уриб туширганини маълум қилди.
Трамп музокараларда сезиларли силжиш йўқлигини ва АҚШнинг Apache жанговар вертолёти йўқ қилинганидан сўнг, Эронга қарши бомбардимонларни қайта бошлаш ниятида эканлигини маълум қилган. Вертолёт 8 июнь куни Уммон қирғоқлари яқинида ҳалокатга учраган, унинг икки учувчиси қутқариб олинган.
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён мамлакатнинг “қатъий позициясини” маълум қилиб, АҚШ таҳдидларини қоралаган.
Эрон АҚШ базаларига зарба берди, “Ҳизбуллоҳ” эса Исроилга ҳужум бошлади
11 июнь куни АҚШ ва Эрон ўртасида жорий йилнинг апрель ойида эришилган ва дастлаб икки ҳафта давом этиши кўзда тутилган сулҳ битими амалда ўз кучини йўқотди.
Эрон Қувайт, Иордания ва Баҳрайнда жойлашган АҚШ ҳарбий базаларига ракета зарбаларини берди. Шу билан бирга, Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ҳам Исроил ҳудудига ҳужум бошлади. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг баёнотига кўра, Эрон Қувайтдаги Али ас-Салом ва Аҳмад ал-Жобир авиабазаларида жойлашган 18 та нишонга ҳужум уюштирди. Иорданиядаги “Ал-Азрақ” авиабазасига 12 та баллистик ракета учирилди. IISK баёнотига кўра, ушбу ҳужум натижасида базада жойлашган АҚШнинг F-15, F-16 ва энг замонавий F-35 қирувчи самолётларининг катта қисми йўқ қилинган. Шунингдек, Баҳрайндаги АҚШ Бешинчи флоти объектлари ҳам нишонга олинди. Ироқ шимолидаги АҚШнинг “Харир” базасига ҳам ҳужум қилингани ҳақида хабарлар мавжуд. Ушбу воқеалар фонида Қувайт ўз ҳаво ҳудудини ёпиб, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини ишга туширди, Баҳрайнда эса ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради.
Эскалациянинг энг жиддий оқибатларидан бири Эроннинг Ҳормуз бўғозини барча кемалар учун бутунлай ёпиб қўйиши бўлди. Ҳарбий қўмондонлик баёнотига кўра, бўғоздан ўтишга уринган ҳар қандай кема ҳужумга учрайди. Бу қарор АҚШ зарбаларидан сўнг хавфсизлик вазиятининг ўзгарганлиги билан изоҳланган. Кўп ўтмай, Эрон давлат телеканали ҳарбийлар иккита кемага ўт очганини маълум қилди.
Бироқ, АҚШ Ҳормуз бўғози тўлиқ ёпилгани ҳақидаги маълумотни рад этди. АҚШ қўмондонлигига кўра, савдо кемалари ҳозир ҳам Ҳормуз бўғозига кириб-чиқишда давом этмоқда.
Бу эълон жаҳон бозорида нефть нархининг 2 фоизга кўтарилиб, бир баррели 95 долларга етишига сабаб бўлди. Ямандаги ҳусийлар ҳам АҚШнинг Эронга ҳужумлари глобал таъминот занжири ва энергия бозорларига жиддий зарар етказиши ҳақида огоҳлантирди.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Исроил ҳозирги кунда Эрон ҳудудига қилинган ҳужумлар билан боғлиқ эмаслигини маълум қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, Исроил сўнгги кунларда турли манбалар томонидан хабар қилинган ҳужумларни ташкил этиш ва амалга оширишда иштирок этмаган. Бу баёнот Яқин Шарқдаги вазият кескинлашиб, томонлар ўртасида айбловлар алмашинуви давом этаётган бир пайтда эълон қилинди. Трампнинг бу гаплари Эрон ҳудудидаги сўнгги воқеаларда Исроилнинг эҳтимолий роли ҳақидаги саволларга аниқлик киритишга уриниш сифатида баҳоланиши мумкин.
Исроил расмийлари ҳозирча АҚШ Президентининг бу баёнотига изоҳ бергани йўқ. Шунингдек, Исроилнинг ушбу ҳужумларга алоқадорлигини тасдиқловчи расмий маълумотлар ҳам мавжуд эмас.
Трамп Эронга зарба беришни бекор қилди
Трамп 11 июнь куни Truth ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Эрон ҳудудига режалаштирилган ҳарбий зарбалар амалга оширилмаслигини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Эрон билан юқори даражадаги музокараларда муҳим келишувга эришилганини маълум қилди. Шу сабабли Эронга қарши режалаштирилган ҳарбий зарбалар ва бомбардимонлар бекор қилинди.
Трампнинг айтишича, АҚШ, Исроил, Саудия Арабистони, Қатар, Туркия, Миср ва бошқа давлатлар келишувнинг асосий бандларини маъқуллаган. Бироқ, якуний келишув имзоланмагунча денгиз блокадаси сақланиб қолади.
Эрон расмийлари Вашингтон билан келишув бўйича ҳали якуний қарор қабул қилинмаганини маълум қилмоқда. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бағоийнинг таъкидлашича, мамлакат ҳозирча келишув масаласида якуний қарорга келмаган.
Трамп журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида Эрон урушини тугатиш бўйича келишувга яқин эканини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, келишув ҳужжатларини имзолаш жараёни яқин кунларда амалга оширилиши кутилмоқда. Трампнинг айтишича, Эроннинг олий раҳбари таклиф этилаётган келишувни маъқуллаган. Бироқ Трампнинг бу гаплари ҳақиқатга қанчалик яқин экани ҳали номаълум.
Журналистлардан бири Трампга аввал ҳам Эрон ва АҚШ келишувга яқинлашгани ҳақида баёнотлар берганини, бироқ улар амалда натижа бермаганини эслатиб, нима учун бу сафар вазият бошқача эканлигини сўради. Бунга жавобан Трамп Эрон жуда оғир зарбаларга дуч келганини, бундай босимга кам давлат бардош бера олишини ва шу сабабли Теҳрон келишувга Вашингтондан ҳам кўпроқ қизиқиш билдираётганини таъкидлади. Бироқ, Трамп Эрон келишуви масаласида бундан олдин ҳам жуда кўп таъкидлар қилган. CNN ҳисоб-китобларига кўра, АҚШ Президенти Дональд Трамп жорий йилнинг 28 февралида уруш бошланганидан бери 39-марта Эрон билан урушни тўхтатиш бўйича келишувга “икки-уч кун ичида” эришиш мумкинлигини маълум қилди. Хулоса қилиб айтганда, Трамп бу сафар ҳам келишув яқинлигини таъкидламоқда. Бироқ, аввалги кўплаб ваъдалар ҳали натижа бермагани сабабли, якуний хулосани фақат имзолар қўйилганидан сўнг чиқариш мумкин.
Live
Барчаси