Пойтахтдан бошқа шаҳарда ҳам президент офиси ташкил этилади

Олам

image

Жанубий Корея ҳукумати 2029 йил августга қадар Сежон шаҳрида президентлик офисини ташкил этиш ва Сеул атрофидаги ҳудуддан 350 га яқин давлат муассасасини кўчириш режасини эълон қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, ҳукумат режасига кўра, давлат муассасаларини кўчириш ишлари 2027 йилдан бошланади. Шунингдек, Сежонда Миллий ассамблеянинг қўшимча биносини 2033 йилга қадар қуриб битказиш режалаштирилган.

Бош вазир Хан Сон Сукнинг айтишича, мазкур чора-тадбирлар аҳоли, капитал, бизнес ва инфратузилманинг пойтахт ҳудудида ҳаддан ташқари жамланиб қолишига қарши қаратилган кенг қамровли стратегиянинг бир қисми ҳисобланади. Ҳукумат мамлакатнинг бошқа ҳудудларида аҳоли сонининг камайиши ва демографик таназзулни жиловлашни ҳам мақсад қилган.

Маълум қилинишича, ҳукумат марказий маъмурий идораларни Сежонга кўчиришни 2027 йилнинг биринчи ярмида бошлайди. Бунда ҳажми катта ёки кўчирилиши энг катта таъсир кўрсатадиган муассасаларга устуворлик берилади.

Шу билан бирга, Сежонни ривожлантиришга оид қонунчиликка ўзгартиш киритиш режалаштирилмоқда. Бу орқали ҳозиргача кўчириш жараёнидан истисно қилинган вазирликларни, жумладан Адлия вазирлиги ва Гендер тенглик вазирлигини ҳам Сежонга кўчириш имкони пайдо бўлади.

Прокуратура хизмати ва Миллий полиция агентлиги янги бош қароргоҳлари қуриб битказилганидан кейин Сежонга кўчирилади. Бу давлат муассасаларини пойтахт ҳудудидан мамлакатнинг бошқа қисмларига қайта тақсимлаш бўйича иккинчи йирик босқич бўлади. 2012–2021 йилларда 43 та марказий давлат муассасаси Сеулдан Сежонга кўчирилган.

Ҳукумат шунингдек, 109 та давлат муассасасини қисқартириш ёки қайта ташкил этишни режалаштирмоқда. Бунда вазифалари бир-бирини такрорлайдиган ташкилотларни бирлаштириш ва кичик муассасаларни йирик тузилмаларга қўшиш кўзда тутилган.

Жумладан, мамлакатдаги бешта давлат электр энергияси ишлаб чиқарувчи компания ва тўртта порт маъмуриятини бирлаштириш режалаштирилган.

Маълумот учун, Сежон шаҳри 2012 йилда Сеулдаги тирбандлик ва аҳоли ҳамда давлат идораларининг ҳаддан ташқари марказлашувини камайтириш мақсадида ташкил этилган. Ҳозирда шаҳарда кўплаб вазирлик ва давлат муассасалари жойлашган, бироқ президентлик офиси пойтахтда қолиб келган.

Янги режа амалга оширилса, Сежон Жанубий Кореянинг маъмурий ва давлат бошқарувидаги асосий марказларидан бирига айланади. Ҳукумат бу орқали мамлакатдаги пойтахт марказлашувини камайтириш ва ҳудудлар ўртасидаги ривожланиш номутаносиблигини бартараф этишни кўзламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Корея ҳукумати 14 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларда аккаунт очишини чеклаш масаласини кўриб чиқаётгани хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг