Пойтахтда яна бир яшил боғ бетонлаб ташланди(ми?)

Жамият

image

Пойтахт Тошкент марказидаги собиқ “Бобур” боғи ҳудудида қурилиш ташкилоти томонидан бино қуриш учун дастлабки бетонлаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда жамоатчилик фаоллари, мутахассислар фикр билдирди. QALAMPIR.UZ бу борадаги турли қарашларни бир жойга тўплади.

Блогер Никита Макаренко боғнинг харитадан кўриниши илова қилган. Расмда қизил чизиқни кўриш мумкин:

“Қизил чизиқ паркнинг тахминий чегарасини кўрсатади. Қолгани эса боғнинг дарахтлари вайрон қилинган ҳудуди. Айтишларича, Қурилиш бош бошқармаси ва Қурилиш вазирлиги [Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги – таҳр.] бунга пойдевор чуқурини қуриш учун “добро” (рухсат) берган. Қизиқ, бундай “добро” қанча туради?” дея кесатиб ёзган блогер.

Шунингдек, ҳуқуқшунос, жамоатчилик фаоли “Davletovuz” блоги асосчиси Қобил Ҳидировнинг сўзларига кўра, бу ҳолат пойтахтда илк маротаба содир бўлмаяти. Бундан олдин ҳам бир қатор боғларда дарахтларнинг кесилиши, яшил ҳудудларни бетонлаб ташлаш каби қонунга зид ишлар амалга оширилган.

“Тошкентда шундоқ парк камёблашиб боряпти, бу “нафси ҳакалак отганлар” шаҳарликларнинг охирги соясини, сокин айланадиган гўшасини ҳам бетонлаштирмоқда, атрофини машинага тўлдирадиган қурилишларга айлантирмоқда. Аввал ҳам айтганмиз, шаҳар боғлари жамоат мулки бўлиб, у ер хусусий “қўллар”га берилмаслиги, талон-торож қилинмаслиги керак. Паркнинг бош мақсадига халақит берадиган қурилишларни амалга оширмаслик зарур. Ўйлаймизки, ҳукумат паркни навбатдаги ваҳшийликдан асраб қолади. “Гулшан”, Абдулла Қодирий боғлари биз учун сабоқ бўлиши керак”, дейди Ҳидиров.

Шунингдек, урбанист (шаҳарсоз) Искандар Солиев мазкур воқеага муносабат билдириб, ўзбек тилига янги сўз – “Паркупация” сўзини киритишни айтиб, киноя қилган.

“Ўзбек тилига янги сўзни киритишни таклиф қиламан! Паркупация – қурилиш қилиш илинжида нафсини тиёлмай яшил ҳудудларни эгаллаб олиш ва амалдорларни бунга кўндириш. Яна бир боғ шиддат билан эгалланиб йўқ қилинмоқда”, дейди шаҳарсоз.

Шунингдек, бу ҳолатга нисбатан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги Матбуот хизмати муносабат билдирди.

Вазирликнинг муносабатида ҳозирда фақатгина мазкур ҳолат ўрганиб чиқилаётгани, натижалар бўйича батафсил маълумот тақдим этилиши айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Бобур боғи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг