Порошенко бир шиша шампан билан кўриниш берди – ОАВ
Олам
−
13 Август 2022
14439Давлатга хиёнат қилишда айбланаётган Украинанинг собиқ Президенти Пётр Порошенко айни вақтда Польшада. Бу ҳақда Украинанинг “Вести” нашри бугун, 13 август куни Варшава аэропортидан олинган видеога таяниб, хабар берди.
Эълон қилинган кадрларда Порошенко қўлида шампан шишаси билан терминалдан ўтаётганини кўриш мумкин. Нашрнинг ёзишича, унинг рафиқаси собиқ давлат раҳбари билан бирга. Улар уч нафар қўриқчи ҳамроҳлигида саёҳат қилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг 27 май куни Порошенко НАТО Парламент Ассамблеясида иштирок этиш учун мамлакатни тарк этишга уринганди, бироқ чегарачилар уни ўтказиб юбормаган. Эртаси куни собиқ Президент янги уриниш қилди, бироқ унга иккинчи марта ҳам кетишга рухсат берилмади.
30 май куни тонгда Порошенко Украинанинг амалдаги Президенти Владимир Зеленскийга омма олдида мурожаат қилганидан сўнг мамлакатдан ташқарига чиқишга муваффақ бўлди.
Маълумот ўрнида, Порошенко 2014-2015 йилларда Донбассдан кўмир етказиб бериш бўйича жиноий ишда айбланувчи ҳисобланади ва уни 15 йилгача қамоқ жазоси кутмоқда. Жорий йилнинг январь ойида Киевнинг Печерск туман суди мамлакат собиқ раҳбарини шахсий мажбурият бўйича озодликка чиқариб, унга хорижга чиқиш учун паспортларини топшириш ва терговчи рухсатисиз Киев ва вилоятни тарк этмасликни буюрган эди.