Порахўр ҳоким ўринбосарига суд ҳукми ўқилди

Жамият

image

Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят судида Хива шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шоназар Отажонов ва туман Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси мутахассиси Муҳаммаджон Искандаровга нисбатан ҳукм ўқилди. Ҳукмга кўра, икки амалдор порахўрлик ва фирибгарликда айбланмоқда. 

Уларга Жиноят кодексининг порахўрликка оид 210-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари бўйича олиб борилган тергов ишини ушбу кодекснинг фирибгарликка доир 168-моддаси 3-қисмига қайта малакалаб, ҳукм чиқарилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Матбуот хизмати хабар бермоқда.  

Тергов идораси томонидан Ш.Отажонов ва М.Искандаровга нисбатан қўйилган порахўрлик айби айнан шундай қўша жазони тақозо этди. Суд томонидан қилмишга етаклаган ҳолатлар ва унинг объектив ва субъектив тарафлари, судланувчилар устидан тўпланган ҳужжатлар, далиллар, фактлар синчиклаб ўрганилган. Пировардида Хива шаҳрида уюштирилиши кўзда тутилган бир “ҳомийлик” тадбири рўй берган машъум кўнгилсизликка “масаллиқ” бўлгани рўй-рост аён бўлган. Воқеалар ривожи эса, фуқаро Х.Ражабовнинг хусусий чойхона, яна бир фуқаро З.Отажоновнинг оилавий корхона ва омборхона қурилиши учун ер майдони ажратиш ҳақидаги аризаларига бориб тақалган. 

Хива шаҳар ҳокимининг Х.Ражабов номига миллий услубдаги чойхона қурилиши учун ер майдони ажратиш юзасидан 2018 йил 13 июль куни чиқарган қарори вақт октябрь ойига етса-да, ижро ҳаракати нарёқда турсин, ҳатто, расмий ҳужжат мақомини ҳам олмади. Мутасадди З.Отажонов ва М.Искандаровлар эса, уни таомилга кўра, тасдиқлаш учун вилоят ҳокимлигига юбориб, зиммадаги бурчни ҳалоллик билан ва сидқидилдан адо этишга шошилишмади. З.Отажонов номига хусусий корхона ва омборхона қуриш юзасидан чиқарилган қарор эса, вилоят ҳокимлиги нари турсин, ҳатто, шаҳар ҳокими девонхонасига ҳам етиб бормади.

...Муовин Ш.Отажоновнинг кўрсатмаси асосида иш тутган кадастр идораси ходими ҳар иккала тадбиркорнинг илинжини бажо келтирмаслик учун турли баҳоналар, важ-корсонларни рўкач қиларди. "Дўппи тор" келган маҳалда эса, икковини ҳам ҳоким муовинига йўллаб, арзини шу кишига айтиш зарурлигини уқдирди. Муовин ҳам баҳонани қойиллатди. 

Бу ҳолдан даставвал икки тадбиркорнинг сабр косаси тўлди. Улар Ш.Отажонов ва М.Искандаровдан муддао нелигини сўрашга жазм этишди. 

Буниси бошқа гап. Ҳар икки мутасадди улардан айнан шуни кутганди. М.Искандаров “ёшулли” Ш. Отажоновнинг шаҳардаги “Шайхлар” маҳалласи гузари қурилиши учун “ҳомийлик ёрдами” уюштириш юзасидан берган топшириғини оқизмай-томизмай уларга етказди. “Мижозлар” рози. Бироқ кадастр идораси ходими сўраган 1 000 АҚШ доллари ерда сочилиб ётган тупроқмидики, ҳовучлаб йиғиб олишсаю "ёшулли"нинг илкига тутқазишса?! Йўқ, икки тадбиркор "ҳомийлик пули"ни топиб “ҳожатбарор”лар қў¬лига тутқазишмади, аксинча, бунинг ўрнига ёрдам сўраб, тегишли ҳуқуқ тартибот идорасига мурожаат қилишди. Ва ниҳоят, қин¬ғирликнинг қалтис йўли ўтган йилнинг 6 октябрь куни адоғига етди. 

Давлат кадастр идораси мутахассиси М.Искандаров тадбиркор Х.Ражабов ва З.Отажоновларнинг ҳар биридан 1 000 доллар миқдоридаги хориж пулини санаб олган пайтда ушланди. У ҳозиргина содир бўлган қилмишни хаспўшлашга ожиз қолди. Асл муддаога кўчиб, пулни қўлга киритган заҳотиёқ Ш.Отажоновга етказиши зарурлигини маълум қилди. 

Амалда ҳам шундай бўлди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари бунга имкон беришди. Ш.Отажоновга воқеа жойидан қўнғироқ қилган “уддабурон” ёрдамчи сўралган пул қўлида эканлигини билдирди. Баъзи кимсаларнинг жирканч башарасини ошкор этган 2 минг АҚШ доллари орадан бир неча дақиқа ўтмай ҳоким муовинининг чап чўнтагидан жой олди. Пул чўнтакдан жой олишга-ку, олди, бироқ тушган жойида муқим қолмади. Ҳоким муовини ҳузурига ҳаялламай етиб келган тегишли идора ходимларининг талабига биноан тушган жойини тезда тарк этди. 

Воқеалар ривожи шу нуқтага келганида ҳоким муовини кўзлаган йўл ҳам поёнига етди. Жиноий кирдикор боис қўлга тушган Ш.Отажонов эҳтиёт чораси сифатида вақтинча ҳибсга олинди. М.Искандаров эса, муайян миқдордаги гаров эвазига озодликда қолди.

Бу қилмишдан поранинг қўланса ҳиди анқиди. Уларни жирканч кирдикор устида қўлга туширган тергов органи ҳам ана шундай хулосага келди ва содир этилган айбни Жиноят кодексининг порахўрликка оид 210-моддаси 2-қисми “а”, “в”, “г” бандлари билан малакалади. Бироқ тез орада воқеалар бошқача тус олди.

Гумонланувчи Ш.Отажоновнинг талаби асосида терговга жалб қилинган ёлланма уста Ж.Рўзиматов, “Шайхлар” маҳалласи гузари қурилишида том ёпишни ўз зиммасига олгани, бу иш учун 16 миллион сўм сўрагани, ҳоким муовини унга машъум кўн¬гилсизлик содир бўлган куни қўнғироқ қилиб, сўраган пул қўлига келиб тушгани, уни ҳозироқ келиб, олиб кетишни тайинлаганини айтди.

Гувоҳнинг бу кўрсатмасини ўша куни содир бўлган бошқа бир воқеа ҳам тасдиқлади. Маълум бўлишича, жабрланувчи Х.Ражабов ва З.Отажоновлар томонидан топширилган 2 минг доллар миқдоридаги пулни ўз хизмат хонасида М.Искандаровдан қабул қилиб олган Ш.Отажонов ҳаялламай қурувчи-уста Ж.Рўзиматовга қўнғироқ қилиб, келишилган пулни олиб кетишини айтган. Бироқ орадан бирон дақиқа ўтмаёқ жиноят устида қўлга тушган. Бундан чиқди, жабрланувчиларга тегишли хориж пули қурувчи-устанинг иш ҳақини қоплаш мақсадида қўлга киритилган. 

Бу хатти-ҳаракатдан гумондорлар фойда ҳам, манфаат ҳам кўришмаган, пул пора сифатида чўнтакка кирмаган.

Айбланувчилар судда ҳам, терговда ҳам айбига қисман иқрорлик билдиришди, пул пора тариқасида эмас, гузар қурилиши учун ҳомийлик ёрдамини уюштириш ниятида ўзлаштирилганини баён этишди.

Ҳомийлик кўмаги аслида олижаноблик саналади. Лекин ҳимматнинг бундай намунасини давлат идоралари ва унга қарашли муассасаларга инъом этишнинг ўз тартиб-таомиллари бор ва уни биринчи галда маҳаллий ҳокимлик мутасаддилари яхши билиши, талаб ва тақозоларига эса, қатъий риоя қилиши шарт. Суд ва терговда айбланувчи мақомида кўрсатма берган ҳоким ўринбосари қонунчилигимизнинг хайрия ёрдамини уюштиришга доир қоидасидан бохабар эмаслиги, жиноят шунинг оқибатида содир бўлганини таъкидлади. Аммо қонуннинг ушбу талабини англамаган шахснинг раҳбарликка қобиллигини изоҳлашдан ожиз қолди. Бинобарин, мамлакатимизда расм бўлган тартиб-қоидалар ҳомийлик ёрдамини амалга ошириш йўл-йўриқларини ҳам тўла ва аниқ ифода этади. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 августдаги “Бюджет ташкилотлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг хайрия эҳ-сонлари шаклидаги маблағларидан фойдаланишнинг ошкоралиги ва самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”даги қарорида уқтирилишича, тадбиркорлик субъектлари хайрия эҳсонлари шаклидаги ёрдамни қо¬нун ҳужжатларига мувофиқ ихтиёрий ва беғараз тарзда кўрсатадилар, маблағлар бюджет ташкилотлари томонидан қабул қилиб олинади ва улардан фойдаланиш ушбу муассасалар билан тузилган шартномаларга мувофиқ амалга оширилади. Хайрия фаолиятига ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб қилиш тақиқланади.

Афсуски, тафсилоти юқо¬рида баён этилган пул ундириш “операцияси” қонуннинг ушбу талабига мутлақо хилоф тарзда, жабрланувчиларни қийин ва мураккаб шароитга дучор этиш орқали ихтиёрийлик ва беғаразлик принципларини топтаган ҳолда амалга оширилганидан далолат берди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу номуносиб ҳаракатнинг бошида турган Ш.Отажонов ва М.Искандаровларга жисмоний ва юридик шахсларнинг тадбикорлик фаолияти учун ер майдонлари ажратиб бериш, шундай ҳолатлар юзасидан қарор чиқариш, уни вилоят ҳокимлиги тасдиғидан ўтказиш ваколати берилмаган. Бу ишлар билан ҳокимликлар қошида фаолият кўрсатадиган махсус комиссия шуғулланади. Ҳоким қарорлари ушбу комиссиянинг хулосалари асосида қабул қилинади ва тасдиқлаш учун вилоят ҳокимлигига юборилади. Демак, масаланинг узил-кесил ечимини таъминлаш ваколатига эга бўлмаган шахслар томонидан қўлга киритилган маблағни пора олишга қаратилган ҳаракат сифатида баҳолаб бўлмайди. Уқтирилганидек, уни фирибгарлик сифатида баҳолаш керак.

Суд қонунчиликнинг ушбу талабига биноан иш тутди. Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми тегишли бандлари бўйича Ш.Отажонов ва М.Искандаровга қўйилган айбни олиб ташлади ва ушбу кодексниннг фирибгарликка оид 168-моддаси 3-қисмига “б”, “в” бандларига қайта малакалади. Суд яна бағрикенглик йўлини танлади. 

Ушбу модда санкциясида назарда тутилган енгилроқ турдаги жазо чорасини қўллашни мақсадга мувофиқ ҳисоблади.

Ўтган йилнинг октябрь ойидан буён ҳибсда сақланаётган Ш.Отажонов суд жараёни якунида 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилинди. Аммо ҳибсда сақланган 4 ой-у 15 кун инобатга олиниб, ахлоқ тузатиш жазоси учун 1 йилу 10 ойлик муддат қолдирилди. 

Айбланувчи суд залидан озодликка чиқарилди. Озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазони унинг жиноий шериги М.Искандаров ҳам ўтайдиган бўлди. У 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинди. Бу каби кирдикорларни содир қилган шахслар қонун талабига кўра ҳам, виждон тақозосига биноан ҳам ишончга нолойиқ ҳисобланадилар. Суд масаланинг бу жиҳатини ҳам назарда тутди. Иккала маҳкум бир хил: 2 йил муддатга давлат улушига эга корхона ва ташкилотларда мансабдорлик, моддий жавобгарликка дахлдор вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. 

Қонунни виждон ойнаси, дейишади. Назаримизда, инсон учун виждон азобидан ҳам кўра, оғирроқ жазо йўқ. Иккала судланувчи ҳам белгиланган жазо муддатини ўтайди. Аммо виждон кемтиклиги — одамзод учун бир умрлик азоб, жазо. Қонунни деган, қонунни қўллаганларнинг йўли мудом равон, ҳамиша равшан, ойнадай шаффоф. 

Буни англамаслик ўзини ўзи чоҳ томонига етаклаш билан баробар. Бирон жиддий ишга жаҳд этишдан олдин айнан шуни мушоҳада этмоқ даркор.
 

Улуғбек БЕКТУРДИЕВ, 
жиноят ишлари бўйича
Хоразм вилояти судининг судьяси

 


Мақола муаллифи

Теглар

пора

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг