Помпео Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши сабабини очиқлади
Олам
−
18 Июнь 2022
14872АҚШ собиқ давлат котиби Майк Помпео Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси Қудс кучлари қўмондони Қосим Сулаймоний 500 америкаликни ўлдиришни режалаштирганлардан бири бўлгани учун ўлдирилганини айтди.
Помпео Саудиянинг “Ал-Арабия” телеканалига берган интервьюсида АҚШнинг Сулаймонийга ҳужуми ҳақида гапирди.
"Қосим Сулаймоний 500 америкаликни ўлдиришни режалаштирганлар орасида эди. АҚШ маъмурияти бу фитнани йўқ қилиш учун Сулаймонийни ўлдиришга буйруқ берди".
Помпео маъмурият Сулаймоний ўлдирилса, вазият урушга олиб келиши ҳақида огоҳлантириш олганини айтди.
Собиқ давлат котибининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар узоқ вақт давомида Ироқ ва Суриядаги ўз мавжудлигини ва фуқароларини ҳимоя қилиш учун ҳаракат қилмоқда. АҚШ давлат ресурслари, активлари ва фуқароларига яқинлашиб келаётган ҳужумларни тўхтатиш учун Қудс кучларининг ҳаракатларини диққат билан кузатиб боради.
Сулаймонийнинг ўлдирилиши
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 3 январь куни АҚШнинг Бағдод халқаро аэропортига уюштирган ҳаво ҳужуми натижасида Ислом инқилоби посбонлари корпусининг (ИИПК) “Ал-Қудс” бўлинмаси қўмондони Қосим Сулаймоний ўлдирилганди. Бунга расмий Теҳрон 8 январь куни Ироқдаги Америка ҳарбий базаларига ракета зарбаси бериш билан жавоб қайтарди. АҚШ ҳужум натижасида қурбонлар йўқлиги, зарар кам эканини маълум қилди.
Пентагон Сулаймонийни йўқ қилиш буйруғи шахсан собиқ Президент Дональд Трамп томонидан берилганини маълум қилди. Шундан сўнг икки давлат ўртасида уруш чиқиши хавфи ортиб кетганди.
Сулаймоний Афғонистон, Ироқ, Сурия ва Ливия каби мамлакатларда Эрон сиёсатидаги энг нуфузли шахслардан бири бўлган.
Бир томондан, Сулаймоний Қўшма Штатларга қарши курашган гуруҳларнинг қўмондони вазифасини бажарган бўлса, бошқа томондан у Ироқда АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда муҳим роль ўйнаган. Шу муносабат билан Сулаймоний нафақат қўмондон, балки яхши дипломат сифатида ҳам танилган эди.
Қосим Сулаймоний, шунингдек, Оятуллоҳ Али Ҳоманаийдан кейин Эроннинг хавфсизлик сиёсатини шакллантиришдаги энг таъсирчан исмлардан бири бўлган.
LiveБарчаси