“Politico”: Европа Комиссияси AstraZeneca’ни судга бермоқчи
Олам
−
22 Апрель 2021
6219Европа Комиссияси AstraZeneca компанияси ишлаб чиқарган коронавирусга қарши вакцинанинг етказиб берилишидаги муаммолар сабабли уни судга бермоқчи. Бу ҳақда “Politico” нашри ёзмоқда.
Манбага кўра, Комиссия бу масалани кеча, 21 апрель куни кенгашга аъзо мамлакатлар йиғилишида кўтарган. Йиғилишда қатнашган давлатларнинг аксарияти ваъда қилинган вакцина дозасининг етказиб берилишидаги муаммо сабабли ишлаб чиқарувчини судга беришни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Хабарга кўра, ишни судга оширишдан кўзланган мақсад – Европа Иттифоқи давлатларига AstraZeneca вакцинасини шартномада кўрсатилган миқдорда етказиб беришни таъминлаш.
Қайд этилишича, йиғилиш доирасида компанияга қарши суд ишларини бошлаш келишиб олинган ва катта эҳтимол билан бу жорий ҳафтада содир бўлади.
Аввалроқ AstraZeneca раҳбарияти компания Европа Иттифоқи учун вакцина ишлаб чиқаришда жадвалдан икки ой ортда қолаётганини тан олиб, ЕИнинг ишлаб чиқариш базаси Буюк Британиянинг имкониятларига нисбатан заифроқ эканини таъкидлаганди.
Бундан ташқари, 17 март куни Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Брюссель эмлаш даражаси юқори бўлган давлатларга коронавирусга қарши вакцинани етказиб беришни чеклашини эълон қилганди. Бунга сабаб қилиб AstraZeneca’нинг Европа Иттифоқи давлатлари олдидаги мажбуриятини ўз вақтида бажариши кўрсатилган.
Эслатиб ўтамиз, 17 март куни Ўзбекистонга Ҳиндистондан 660 минг доза AstraZeneca вакцинаси олиб келинган. Мамлакатда апрель ойи бошидан коронавирусга қарши кенг кўламли вакциналаш ишлари бошланган.
LiveБарчаси