Польша Россияга жиддий айблов қўйди

Олам

image

Польша  расмийлари 2024 йил 12 май куни Варшавадаги Marywilska 44  савдо марказига ўт қўйишда Россия махсус хизматлари иштирок этганини қайд этди. Бу ҳақда Польша Адлия вазири Адам Боднар ва Ички ишлар вазири Томаш Семонякнинг қўшма баёнотида маълум қилинди.

Баёнотга кўра, ёнғин Россия томонининг буюртмасига асосан амалга оширилган.

“Тўпланган далилларга асосланиб, биз ёнғин Россия махсус хизматлари буюртмаси бўйича келиб чиққанини биламиз”, дейилади баёнотда.

Вазирларнинг таъкидлашича, Польша ўт қўйиш тартиби ва жараёни, шунингдек, жиноятчилар томонидан қандай ҳужжатлаштирилгани ҳақида яхшигина маълумотларга эга.

“Гумонланувчиларнинг бир қисми аллақачон қўлга олинган, қолганлари аниқланган ва қидирилмоқда”, дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Варшавадаги Marywilska 44 савдо марказида 2024 йил 12 май куни йирик ёнғин содир бўлди. Ёнғин бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда бошланган ва тезда тарқалган. Олов бинони бутунлай қамраб олди, у қисман қулаб тушди. Ўшанда ҳеч ким жабрланмаган, бироқ расмийларга кўра, хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи 1400 та дўкон ва корхоналарнинг бинолари ёниб кетган. Битта музқаймоқ стендидан бошқа ҳамма нарса ёниб кетган.

Marywilska 44 ёпиқ бозори Варшавадаги энг йирик улгуржи ва чакана савдо маркази бўлиб, унда 1,4 мингга яқин савдо нуқталари фаолият юритган.
Польша Бош вазири Дональд Туск ёнғиндан кейин расмийлар содир бўлган воқеага Россиянинг эҳтимолий алоқадорлигини текшириш ниятида эканини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Польша Россия ва Беларусь билан чегарасига миллионтагача пиёда аскарларга қарши миналар жойлаштиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Польша

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг