Польша Россиядаги яна бир консулхонасини ёпади
Олам
−
12 Май 3058 2 дақиқа
Польша ҳукумати Россиянинг Краков шаҳридаги бош консулхонасини ёпиш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда бугун, 12 май куни Польша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский маълум қилди.
Вазирга кўра, Польша Россиянинг Краковдаги консулхонасига фаолият юритиш учун берилган розиликни қайтариб олган, сабаби эса – Москванинг Варшавада 2024 йил май ойида содир бўлган йирик ёнғин учун жавобгарлиги исботлангани билан боғлиқ.
Маълум қилинишича, бу Польшанинг биринчи марта Россия консулхонасини ёпиши эмас. Польша ҳукумати мамлакатнинг Познан шаҳрида жойлашган Россия бош консулхонасини ёпган эди. Ўшанда Ташқи ишлар вазири буни Россиянинг Польша ҳудудидаги эҳтимолий диверсияларига алоқаси билан изоҳлаган ва бошқа Россия консулхоналари ҳам “агар саботаж ҳаракатлари давом этса”, ёпилиши мумкинлигини айтган эди.
Шунингдек, 2025 йил январь ойида Санкт-Петербургдаги Польша бош консулхонаси ўз фаолиятини расмий равишда тўхтатган, бунга Россия Ташқи ишлар вазирлиги “ўзаро тенглик тамойили” асосида изоҳ берган.
Ҳозирда Польшада фақат Гданьск шаҳрида Россия бош консулхонаси ва Варшавада элчихонаси фаолият юритмоқда.
Савдо марказидаги катта ёнғин
2024 йил 12 май куни Варшавадаги Marywilska 44 савдо марказида йирик ёнғин юз берди. Польша ёнғин хавфсизлиги хизматининг маълум қилишича, ёнғин бир вақтнинг ўзида бир нечта жойда бошланган ва тезлик билан бутун бинони қамраб олган. Бино қисман қулаб тушган. Яхшиямки, жабрланганлар бўлмаган, бироқ ҳукумат маълумотига кўра, 1400 дан ортиқ дўкон ва хизмат кўрсатиш корхонаси жойлашган ҳудуд бутунлай ёниб кетган.
Польша Бош вазири Дональд Туск ҳодисадан сўнг Россиянинг бу ёнғинга алоқаси бор-йўқлигини тергов қилиш ниятида эканини билдирган.
Шу ёнғин ортидан Польша Адлия вазири Адам Боднар ва Ички ишлар вазири Томасз Семоняк қўшма баёнот бериб, ёнғин Россия махсус хизматлари томонидан буюртма қилингани оқибатида содир бўлганини эълон қилди. Уларнинг айтишича, ёнғинни уюштирганларнинг шахси аниқланган, айримлари қўлга олинган, бошқалари эса халқаро қидирувга берилган.
Россия жавоб қайтармоқчи
Ушбу қарордан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Мария Захарова Польшани “икки томонлама муносабатларни атайлаб ёмонлаштиришда” айблаган ва “муносиб жавоб” берилишини маълум қилган.
Россия бундай айбловларни мутлақо рад этмоқда. Кремль баёнотига кўра, “Россия ғарб давлатларида диверсион фаолият олиб бориш учун хориж фуқароларини ёллаётгани” ҳақидаги даъволар асосга эга эмас ва икки ўртада муносабатлар бузилишига қаратилган.