Польша Россия ва Беларусь билан чегараларни ёпмоқчи

Олам

image

Польша зарурат туғилса, Россия ва Беларусь билан барча чегара ўтиш пунктларини ёпиши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири ўринбосари, Мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш маълум қилди.

Унинг айтишича, Польша хавфсизлик кучларида чегарани блоклаш учун зарур техника, омборлар, фортификация иншоотлари ва мудофаа истеҳкомлари мавжуд. Мамлакат шарқий чегарасини 7-14 кун ичида тўлиқ ёпиши мумкин. Польша зарурат туғилганда чегарада фойдаланиш мумкин бўлган бир неча минг дона мина ҳам сотиб олмоқда.

Маълум қилинишича, бу чоралар 2024 йилда бошланган “Шарқий қалқон дастури” доирасида амалга оширилмоқда. Дастур Россиянинг Калининград вилояти ва Беларусь билан чегарадош ҳудудларда мудофаа иншоотлари, танкларга қарши тўсиқлар, кузатув ва дронларга қарши тизимларни яратишни кўзда тутади.

“Шарқий қалқон” дастури доирасида Польша қарийб 700-800 километр узунликдаги шарқий чегарасини мустаҳкамламоқда. Лойиҳа учун дастлаб 10 миллиард злотий (қарийб 2,6 миллиард доллар) ажратилган.

Польша ушбу дастур орқали нафақат чегарани ҳимоялаш, балки Россия ёки Беларусь томонидан эҳтимолий ҳужум юз берганда ҳарбийларнинг ҳаракатланишини қийинлаштириш ва шарқий қанотдаги мудофаани кучайтиришни мақсад қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июль куни Россиянинг Украинага уюштирган ракета ва дрон ҳужумлари вақтида Россиянинг Х-101 ракеталаридан бири Польша ҳаво ҳудудига кириб, мамлакат шарқидаги Люблин вилоятига қулаганди. Воқеа сабаб Польша ва НАТО қирувчи самолётларини ҳавога кўтарган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг