Польша Нетаньяху ҳибсга олинмаслигини маълум қилди
Олам
−
10 Январь
2152Польша ҳукумати раҳбари Дональд Туск Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Халқаро жиноят суди (ХЖС) буйруғига зид равишда мамлакатга келса, ҳибсга олинмаслигига ваъда берди. Бу ҳақда кеча, 9 январь куни ҳукумат тегишли ҳужжатни имзолади.
Тускнинг сўзларига кўра, у Польша Адлия ва Ташқи ишлар вазирларига ушбу қарорни қонуний таъминлашни сўраб мурожаат қилган.
“Бир томондан, бизда Халқаро суднинг буйруғи бор, иккинчи томондан, менга бошиданоқ Исроил Бош вазири, Исроил Президенти ёки ушбу давлатнинг бошқа вакили Исроилга алоқадор юбилей тантаналарда тўлиқ ҳуқуқ ва хавфсизлик ҳиссига эга бўлиши керак”, деган у.
У, шунингдек, исроиллик сиёсий етакчиларнинг Освенцим озод қилинганининг юбилейини нишонлашда хавфсиз иштирок эта олмаганини тасаввур қила олмаслигини таъкидлаган.
Шу куни Польша ҳукумати юқори мартабали Исроил вакилларининг Освенцим озод қилинганини нишонлашда эркин иштирок этишини кафолатловчи резолюцияни эълон қилди.
“Польша ҳукумати 2025 йил 27 январдаги тантаналарда Исроил етакчиларининг хавфсиз иштирок этишини таъминлашни Холокост қурбонлари бўлган миллионлаб қизлари ва ўғиллари бўлган яҳудий халқига ҳурмат кўрсатишнинг бир қисми деб ҳисоблайди”, дейилади ҳукумат идораси баёнотида.
Бундан олдинроқ, Польша Президенти Анжей Дуда ҳам ҳукуматга Нетаньяхунинг хавфсизлигини таъминлаш илтимоси билан мурожаат қилгани маълум бўлган эди. Исроил Бош вазирининг ўзи Освенцимдаги маросимда қатнашмоқчими ёки йўқми, ҳозирча номаълум. Тахминларга кўра, Исроил делегациясига Таълим вазири Йоав Киш бошчилик қилади.
Польша Гаагадаги Халқаро жиноий суднинг аъзо давлатидир. ХЖС, одатда, халқаро муносабатларда мутлақ иммунитетга эга бўлишига қарамай, давлат раҳбарларини ҳибсга олиш ҳуқуқига эга деб ҳисоблайди. Ноябрь ойида Нетаньяху ва Исроил собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни Ғазо секторида уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер чиқарилган эди. Исроил эса ўзига қўйилган айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Jerusalem Post” нашри Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху 27 январь куни Польша ҳудудида жойлашган Освенцим концлагери озод этилганининг 80 йиллигига бағишланган тантанали маросимда иштирок этса, ҳибсга олинишини ёзганди.