Покистонда сув тошқинидан вафот этганлар 650 нафарга етди (видео)

Олам

image

Покистонда ёз бошидан бери муссон ёмғирлари оқибатида камида 650 киши ҳалок бўлди, 920 киши эса жароҳатланди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига таяниб, “Al Jazeera” хабар берди.

Қайд этилишича, 14 август кунидан бошлаб бутун Покистон бўйлаб кучли ёмғирлар ёғмоқда. Бу эса сув тошқинлари ва кўчкиларга сабаб бўлиб, бутун бошли қишлоқларни оқизиб кетган. Энг кўп қурбонлар Хайбер-Пахтунхва вилоятида қайд этилган – бу ерда 320 киши ҳалок бўлган.

Айниқса, Бунер туманида ҳам 219 киши ҳалок бўлган. Бу ерда 14 август кунидан бери ёғаётган кучли жала оқибатида 12 қишлоқ бутунлай вайрон бўлган. Ўнлаб жасадлар ҳали ҳам харобалар остида қолмоқда, аммо уларни фақат махсус техника ёрдамида чиқариш мумкин. Оғир об-ҳаво шароити туфайли техника ҳодиса жойига етиб бора олмаяпти, чунки вақтинчалик йўллар янги ёмғирлар сабабли ювилиб кетган.

Хайбер-Пахтунхвада эса тахминан 200 киши бедарак йўқолганлар рўйхатида турибди.

Вафот этганларни излашга чиққан кўнгилли фуқаролардан бирининг сўзларига кўра, озиқ-овқат ва тоза ичимлик суви танқислиги хавфи мавжуд.

“Ҳозир энг долзарб эҳтиёжимиз – тоза ичимлик суви. Мен ҳукуматдан уни таъминлашни сўрадим”, деган фуқаро. 

Шунингдек, сўнгги жала вақтида чорва ҳам нобуд бўлган. Айрим ҳудудларда ҳайвонларнинг мурдалари чириб, бадбўй ҳид тарқатмоқда.

Покистон иқлими тез-тез ўзгариб турадиган давлатлардан бири ҳисобланади. Минтақада сўнги йилларда тобора кўпроқ экстремал об-ҳаво ҳодисалари кузатилмоқда. Масалан, 2022 йилда муссон ёмғирлари туфайли мамлакатнинг учдан бири сув остида қолган эди ва ўшанда қарийб 1700 киши ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистоннинг шимоли-ғарбий ҳудудларида юз берган кучли ёғингарчилик ва сув тошқинлари оқибатида кўплаб инсонларнинг ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан Президент Асиф Али Зардарий ва Бош вазир Шаҳбоз Шарифга таъзия йўллаганди. Давлат раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганлар тез фурсатда соғайиб кетишини тилаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Покистон сув тошқини Хайбер-Пахтунхва

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг