Покистонда партия қурултойидаги теракт оқибатида 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
31 Июль 2023
5733Кеча, 30 июль куни Покистонда “Жамиат Уламои Ислом” (“Ислом уламолари ассамблеяси”) партиясининг қурултойида портлаш содир бўлди ва оқибатда 40 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Полициянинг билдиришича, камида 44 киши теракт қурбони бўлган, яна 100 киши касалхонага ётқизилган, 17 нафар қурбоннинг аҳволи оғир.
Ҳужум Афғонистон билан чегара яқинидаги Хар шаҳрида содир бўлган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг айтишича, худкуш террорчи исломий партия қурултойига портловчи моддалар олиб келган ва уни партия аъзолари сўзлайдиган саҳна ёнида портлатган. Гувоҳлар портлаш вақтида конгрессда 500 га яқин одам бўлганини айтган.
Ҳозирча ҳеч бир ташкилот ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Покистон Бош вазирлик идораси портлаш юзасидан тергов бошланганини билдирди.
Таъкидлаш жоизки, Покистон сиёсий партиялари жорий йил охирида бўладиган сайлов кампаниясига ҳозирлик кўришни бошлаган.
Маълумот учун, 2023 йилнинг дастлабки 6 ойида Покистонда терактлар сони 79 фоизга ошган – олти ой ичида мамлакатда 271 та теракт содир этилган, бунинг оқибатида 389 киши ҳалок бўлган.
LiveБарчаси