Покистон қўшинларини чегарага кўчирмоқда
Олам
−
10 Май 4583 3 дақиқа
Покистон қўшинларини Ҳиндистон билан чегарага яқинлаштирмоқда, бу эса кескинликни янада кучайтириш мақсадидаги ҳужум ниятидан далолат беради. Бу ҳақда Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари қанот қўмондони Вьомика Сингҳ “The Times of India” нашрига маълум қилди.
Сингҳнинг айтишича, Ҳиндистон қуролли кучлари юқори жанговар шай ҳолатда қолмоқда ва ҳар қандай душманона ҳаракатларга мос равишда жавоб берилган. Шу билан бирга, қўмондон расмий Нью-Деҳли вазиятни юмшатишга интилаётганини ва Исломободдан ҳам шундай ёндашув кутаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 10 майга ўтар кечаси Покистон Ҳиндистонни ўз ҳудудидаги учта ҳарбий-ҳаво базасига ракета зарбаси берганликда айблаб, жавобан “Баньян-уль-Марсус” номли катта ҳарбий операцияни бошлаб юборди. Покистон расмийлари уни “мудофаа характеридаги жавоб чораси” деб таърифлади. Бу операция доирасида Покистон армияси бир неча ҳинд базалари, аэродромлар ва ҳаттоки BrahMos гипертовушли ракеталар омборига ҳужум қилганини маълум қилди.
Покистон режалаштириш ва тараққиёт вазири Аҳсан Иқболга кўра, Исломобод тинч аҳолига зарба бермаслик учун махсус чоралар кўрган. Шунингдек, у икки ядровий давлат ўртасидаги бу қарама-қаршилик ядровий тўсиқ бузилишига олиб келмаслигига умид билдирган.
Ҳинд ҳарбий-ҳаво кучлари вакиллари Покистон томонидан Удхампур, Бҳуж, Патҳанкот ва Бҳатинда базаларига зарба берилганини тасдиқлаган. Полковник София Курейши маълумотига кўра, бу зарбалар дронлар, узоқ масофали қуроллар, снарядлар ва юқори тезликдаги ракеталар ёрдамида амалга оширилган.
Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви
22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.
Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.
Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.
30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.
7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.
8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди.