Покистон Ҳиндистонга қарши ракета қўшини тузмоқчи

Олам

image

Покистон Қуролли кучлари таркибида ракета қўшинлари тузилади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Шаҳбоз Шариф бугун, 14 август куни Ҳиндистон билан 1999 йилнинг май ойидаги можаро хотирасига бағишланган маросимда сўз очди. 

Шарифнинг айтишича, бу қўшинлар замонавий техника билан жиҳозланади ва улар Покистон армияси жанговар салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги янги босқич бўлади. Хавфсизлик хизматидаги юқори мартабали мансабдорнинг сўзларига кўра, бу қўшинларнинг ўз қўмондонлиги бўлади. У ракеталар аниқ равишда Ҳиндистонга мўлжалланганини таъкидлаган.

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди 2 август куни Покистон ҳужум қилган тақдирда, Ҳиндистон дарҳол жавоб қайтариши ҳақида айтганди. 

“Агар келажакда Покистон томонидан ҳужум бўлса, у Ҳиндистон қурол тизимлари ёрдамида қатъий жавоб билан бартараф этилади”, дея қўрқитган вазир.

Маълумот учун, 1999 йилда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида Каргил можароси юз берди. Можаро 1999 йилнинг май ойида Покистон Ҳиндистон назоратидаги Кашмирнинг Каргил туманидаги тоғли ҳудудларни эгаллаши билан бошланди. Шундан сўнг Ҳиндистон “Вижай” операциясини ўтказган ва июль ойига келиб, қаттиқ жанглардан сўнг ҳудудларни қайтариб олган. Каргил уруши икки давлат ҳам ядровий қуролга эга бўлган пайтда бўлгани учун халқаро миқёсда катта хавотир уйғотди. 

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

Жорий йил 22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узганди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

7 майга ўтар кечаси Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.

8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди. 

10 май куни Покистон Ҳиндистонга қарши “Баньян-уль-Марсус“, яъни “Мустаҳкам девор” деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Бу операция Ҳиндистон томонидан давом этаётган “провокациялар”га жавоб сифатида кўрилди. Покистон армияси Ҳиндистоннинг бир нечта ҳарбий объектларига зарба берган. Улар орасида Удхампур ва Патханкот авиабазалари ҳам бор. Бундан ташқари, “BraMoc” русумидаги кемага қарши товуш тезлигига эга ракеталар омбори йўқ қилинган.

Шу билан биргаликда, 10 май куни АҚШ билан музокаралардан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон ва Ҳиндистон зудлик билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлгани ҳақида маълум қилганди. Исломобод ва Нью-Деҳли буни тасдиқлади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, ўт очишни тўхтатиш маҳаллий вақт билан соат 17:00 да бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Покистон ракета қўшини

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг