Моди Покистонга таҳдид қилди

Олам

image

Покистондан Ҳиндистонга “ҳар қандай янги террористик ҳужум” Россия-Ҳиндистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган BrahMos қанотли ракеталари ёрдамида қатъий тўхтатилади. Бу ҳақда Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди бугун, 2 август куни Варанаси шаҳридаги чиқиши давомида сўз очди.

“Энди BrahMos ракеталари Лакнау шаҳрида ишлаб чиқарилади. Агар Покистон яна гуноҳ қилса, Уттар-Прадешда ишлаб чиқарилган ракеталар террорчиларни йўқ қилади. Покистонда BrahMos ҳақида эслашнинг ўзи одамларни тунда ҳушёр сақлайди. Уттар-Прадешдан BrahMos ракеталари янги ҳужум содир бўлган тақдирда террорчиларга зарба беради”, деди Моди.

Ҳиндистон Бош вазири, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти “Синдоор” операцияси давомида Ҳиндистон мудофаа тизимлари самарадорлигини аллақачон кўрганини таъкидлаб, ҳаво мудофаа тизимлари, ракеталар ва дронларни Ҳиндистоннинг ўзини ўзи таъминлаш йўлидаги йўналиши мустаҳкамлигининг исботи эканини қайд этди.

BrahMos Россия Машинасозлик илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ва Ҳиндистон Мудофаа вазирлигининг Мудофаа тадқиқотлари ва ишланмалари ташкилоти томонидан ишлаб чиқилган. 1995 йилда ракетани ишлаб чиқариш учун BrahMos Aerospace қўшма корхонаси ташкил этилди.

Ракетанинг қуруқлик, денгиз ва ҳавода жойлашган версиялари мавжуд. Жорий йил 11 май куни Лакхнауда BrahMos ракеталарини ишлаб чиқарувчи янги завод ишга туширилди. Корхона 81 гектар майдонни эгаллайди ва унинг қурилишига 3 миллиард рупий (35 миллион доллар) сарфланган.

Завод йилига 80 дан 100 гача BrahMos мавжуд версияларни ишлаб чиқаришни таъминлаши кутилмоқда. Тахминан бир йилдан кейин корхона йилига 100 дан 150 тагача янги авлод BrahMos-NG ракеталарини ишлаб чиқаради.

ОАВ маълумотларига кўра, 300 километрдан ортиқ масофага уча оладиган BrahMos-NG оғирлиги бўйича дастлабки версиядан фарқ қилади – аввалги 2,9 тонна бўлса, ҳозиргиси 1,29 тонна.

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги вазиятнинг кескинлашуви

22 апрель куни Ҳиндистоннинг Кашмир ҳудудида қуролланган шахслар сайёҳлар гуруҳига ўқ узганди. Оқибатда 20 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Воқеа содир бўлган Паҳалгам шаҳри машҳур сайёҳлик маскани ҳисобланади. У Ҳиндистон ва Покистон даъво қилаётган баҳсли ҳудудда жойлашган.

Ҳиндистон ҳукумати Кашмирдаги терактдан кейин ўтказилган фавқулодда йиғилишда Покистонга нисбатан кенг кўламли дипломатик ва виза блокадаси жорий этишга қарор қилди. Йиғилиш якунида Ҳиндистон 1960 йилда тузилган Ҳинд дарёси бўйича сув битимини тўхтатишга қарор қилди. Бундан ташқари, Покистон билан ягона расмий қуруқликдаги чегара пункти – Аттари ёпилди. Покистон фуқароларига визасиз кириш дастури тўхтатилди ва икки давлатдаги дипломатик ходимлар сони қисқартирилди.

Шундан сўнг Покистон ҳукумати Ҳиндистоннинг сув оқимини тўхтатиш ёки буриб юборишга уриниши ҳаракатини “уруш ҳаракати” сифатида баҳолашини билдирди. Кейинчалик Покистон Мудофаа вазирлиги ижтимоий тармоқларда Ҳиндистонга қарши урушга тайёрлигини билдириб, бир қатор баёнотлар ва видеолар эълон қилди.

30 апрель куни Покистон Ахборот вазири ижтимоий тармоқдаги баёнотида Ҳиндистон уларни 24-36 соат ичида ҳужум қилишни режалаштираётгани ҳақида ишончли разведка маълумотлари борлигини айтди. Ҳиндистон бу баёнотга изоҳ бермади. Шу билан бирга, ОАВ Покистон Ҳиндистон билан чегарада 6 бор ўт очишни тўхтатиш режимини бузганини хабар қилди.

7 майга ўтар кечаси тунда Ҳиндистон Покистонга ракета зарбаси йўллади. Исломобод буни уруш ҳаракати деб атаб, жавоб зарбалари берди. Можаронинг кескинлашувига БМТ, АҚШ, Хитой, Қирғизистон ва Исроил муносабат билдирди. Ўзбекистон ҳам Ҳиндистон ва Покистонни вазминликка чақирди.

8 май куни икки мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари ўртасида бўлиб ўтган ҳаво жангида жами 125 та ҳарбий самолёт бир соатдан ортиқ вақт давомида жанг қилди ва бу авиация тарихидаги энг йирик ва энг узоқ давом этган ҳаво жангларидан бири бўлди. 

10 май куни Покистон Ҳиндистонга қарши “Баньян-уль-Марсус”, яъни “Мустаҳкам девор” деб номланган кенг кўламли ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Бу операция Ҳиндистон томонидан давом этаётган “провокациялар”га жавоб сифатида кўрилди. Покистон армияси Ҳиндистоннинг бир нечта ҳарбий объектларига зарба берган. Улар орасида Удхампур ва Патханкот авиабазалари ҳам бор. Бундан ташқари, “BraMoc” русумидаги кемага қарши товуш тезлигига эга ракеталар омбори йўқ қилинган.

Шу билан биргаликда, 10 май куни АҚШ билан музокаралардан сўнг, АҚШ Президенти Дональд Трамп Покистон ва Ҳиндистон зудлик билан ўт очишни тўхтатишга рози бўлгани ҳақида маълум қилганди. Исломобод ва Нью-Деҳли буни тасдиқлади. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг аниқлик киритишича, ўт очишни тўхтатиш маҳаллий вақт билан соат 17:00 да бошланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ҳиндистон Покистон Нарендра Моди BrahMos

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг