Пхеньянда Украинaдаги урушда ҳалок бўлганлар хотирасига ёдгорлик қуриляпти

Олам

image

Шимолий Корея Россиянинг Украинага қарши урушида ҳалок бўлган ўз аскарлари хотирасига бағишланган ёдгорлик қуришни бошлади. Бу ҳақда Корея марказий ахборот агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, “Жанговар қаҳрамонликлар мемориал музейи” номли ёдгорлик пойтахт Пхеньянда қурилади. Лойиҳа пойдевор қўйиш маросимида Ким Чен Ин ва Шимолий Кореядагӣ Россия элчиси, шунингдек, ҳукумат ва ҳарбий раҳбарлари, Россияда ҳалок бўлган аскарларнинг оилалари ҳам иштирок этган.

Ким маросимдаги нутқида музейни “ҳақиқий ватанпарварларнинг абадийлигига бағишланган муқаддас маскан” деб атаган.

“Бизнинг қўшинларимиз Россиянинг Курск минтақасида бир йилдан бери хизмат қилмоқда ва улар Россияга ҳал қилувчи ғалабани таъминлашда ёрдам берди. Бизнинг қаҳрамонларимиз ҳеч қандай тажовузни тоқат қилмасдан, душманларни йўқ қилиш руҳи билан ёвуз неонацист босқинчиларни яксон қилдилар”, дейди Ким Чен Ин.

Унинг айтишича, қурилаётган мемориалда Россияда жанг қилган шимолий кореялик аскарларга бағишланган ҳайкаллар, шунингдек, расмлар ва санъат асарлари жой олади.

Жанубий Корея маълумотларига кўра, Россия томонида жанг қилган камида 600 нафар шимолий кореялик аскар ҳалок бўлган, минглаб бошқалар эса яраланган.

Маълумот учун, 2024 йил Россия ва Шимолий Корея стратегик ҳамкорлик шартномасини имзолаган эди. Ушбу келишувга кўра, агар томонлардан бири ҳужумга учраса, иккинчиси унга ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатиши шарт.

Москва шаҳрида эса Пхеньян билан дўстликни нишонлаш мақсадида санъат кўргазмаси ташкил этилган. Унда шимолий кореялик аскарлар ва уларнинг россиялик ҳамкорлари “душман Ғарб”га қарши биргаликда қаршилик кўрсатаётгани тасвирланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сеулда Жанубий Корея ва АҚШ Президентлари учрашуви арафасида Корея Халқ Демократик Республикаси мамлакатнинг шарқий соҳилидаги денгиз томонга қисқа масофали баллистик ракеталарни учирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг