Пискентдаги кўприк қулашининг сабаби маълум бўлди
3-саҳифа
−
03 Октябрь
7758
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Пискент тумани ҳудудидаги кўприк қулаб тушгани хабар қилинганди. Кўприк қулашига юк машинасининг белгиланган 8 тоннадан оғир юк билан ҳаракатлангани сабаб бўлган. Бу ҳақда Автомобиль йўллари қўмитаси хабар берди.
Howo русумли оғир юк ташувчи автотранспорт воситаси умумий фойдаланишдаги давлат аҳамиятига эга бўлган 4Р19 “Тўйтепа ш. (4R2 автойўли 35 км) - Пискент ш. - А373 автойўли”нинг 14-километр қисмидаги темир-бетон кўприкда меъёрдан ортиқ юк билан ҳаракатланиши оқибатида кўприкнинг ўнг томонлама ҳаракат тасмасидаги оралиқ темир-бетон қурилмалари (балкалари) ва таянч (сваи) қисмлари ушбу юкламага бардош беролмасдан синиб, бузилиб, мазкур автотранспорт воситаси билан биргаликда “Тошканал” каналига тушиб кетган. Машина фуқаро Р.Р.га тегишли бўлиб, автотранспорт воситасининг техник паспортига мувофиқ юксиз вазни 26,8 тонна ва тўла вазни 40,0 тонна бўлиши керак.
Юк машинасининг ҳужжатлари ўрганилганда ва кўздан кечирилганда, транспорт воситасига қум маҳсулоти юклангани ва юк хатига асосан қумнинг ҳажми 50м3 (50м3 х 1,6 ўтиш коэффициенти=80 тонна) ни ташкил этгани аниқланган. Транспорт воситасининг юксиз вазни 26,8 тонна, устига юкланган қумнинг оғирлиги – 80 тонна, биргаликда –106,8 тоннани ташкил этган.
Кўприкда оғир юк ташувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракатини тақиқловчи ва 8 тоннагача юк билан ҳаракатланиш мумкин эканлигини кўрсатувчи йўл белгилари ўрнатилганлигига қарамасдан, ҳайдовчи ушбу чекловларга амалга қилмаган ҳолда автотранспорт воситасини бошқарган ва бунинг оқибатида ушбу фавқулодда ҳолатни юзага келишига сабабчи бўлган.