Пезешкиён Теҳрон кўчирилиши мумкинлигини айтди
Олам
−
08 Ноябрь 3413 2 дақиқа
Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён узоқ давом этаётган қурғоқчилик туфайли юзага келган сув инқирози янада кучайса, Теҳрон эвакуация қилиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда у мамлакат ғарбидаги Сенендеж шаҳрига хизмат сафари чоғида маълум қилди.
Маҳаллий ҳокимият билан ўтказилган йиғилишда Президент мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий муаммолар мажмуасига тўхталиб ўтган.
Пезешкиён юқори инфляция ва нархларнинг ошишини ички бошқарувдаги хатолар ҳамда ташқи санкциялар билан боғлаган.
“Инфляция ва қимматчилик учун жавобгарлик парламент ва ҳукумат зиммасида. Ишлар олиб борилмоқда, бироқ молиявий имкониятлар чеклангани сабабли кўплаб лойиҳаларни охирига етказиб бўлмаяпти”, деган Президент.
У, айниқса, кўп йиллик қурғоқчилик туфайли юзага келган сув таъминоти бўйича оғир аҳволга эътибор қаратган.
“Эрон табиий муаммолар билан юзма-юз келмоқда. Ёғингарчиликнинг етишмаслиги ва сув ресурсларининг тугаб бориши оғир оқибатларга олиб келиши мумкин”, деган Пезешкиён.
Президент сув ва энергияни қатъий тежаш, ресурсларни анча оқилона бошқариш зарурлигини айтиб, пойтахтдаги хавотирли вазиятни алоҳида таъкидлаган.
“Агар тез орада ёмғир бўлмаса, келаси ойдан Теҳронда сув таъминотига қаттиқ чекловлар жорий этамиз. Агар ёғингарчилик бўлмаса – захиралар тугайди ва биз шаҳарни эвакуация қилишга мажбур бўламиз”, деган Эрон Президенти.
Маълумот учун, пойтахт бешта йирик сув омборидан сув олади: Лар, Мамлу, Амир Кабир, Таликан ва Латиён. Уларнинг энг каттаси – Амир Кабир тўғони.
Сўнгги беш йил ичида Эрон бўйлаб ёғингарчилик миқдори доимий камайиб бормоқда. Метеорологлар маълумотига кўра, бу йил Теҳронда одатий мавсумий кўрсаткичдан 40 фоиз кам ёғингарчилик кузатилган. Баҳор ва ёз давомида деярли ёмғир ёғмагани сув омборларидаги сув ҳажмини кескин камайтириб юборган.
Кризис фақат дарё ва сув омборларига эмас, балки ер ости сувларига ҳам таъсир қилган – улар ҳам тез суръатда тугаб бормоқда.
Жорий йилнинг 20 июль куни Теҳрон вилояти Сув хўжалиги бошқармаси пойтахтни сув билан таъминлайдиган омборлардаги захиралар сўнгги 100 йилдаги энг паст даражага тушиб кетгани ҳақида расмий огоҳлантириш берган. Ёз давомида шаҳарда бир неча бор вақтинчалик сув ўчиришлар амалга оширилган.
3 ноябрь куни Теҳрон Сув таъминоти бошқармаси директори Беҳзод Парса мавжуд сув захиралари энг кўпи билан икки ҳафта узлуксиз таъминотга етишини маълум қилган.
Live
Барчаси