Пентагонда Украинага ёрдам учун қанча маблағ қолди?
Олам
−
13 Ноябрь
3899Пентагон Россия Федерациясига қарши мудофаа урушини олиб бораётган Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун мўлжалланган жами 9,3 миллиард доллар қолганини маълум қилди. Бу ҳақда кеча, 12 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот брифингида АҚШ Мудофаа вазирлиги матбуот котиби, АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари генерал-майори Патрик Райдер маълум қилди.
Пентагон матбуот котибининг айтишича, сайланган президент Дональд Трампнинг жамоаси мамлакатни эгаллаб олишидан олдин АҚШ Украинага ёрдам бериш учун барча мавжуд воситаларни ишга солади.
Райдернинг сўзларига кўра, АҚШ апрелдан октябрь ойи ўрталарига қадар Украинага ваъда қилинган ўқ-дориларнинг 83 фоизини, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларининг 67 фоизини ва бошқа қуролларнинг 60 фоизини етказиб берган.
1 ноябрь куни Пентагон Киевга ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги транши ажратилишини эълон қилди. Бу 2021 йил август ойидан бери АҚШ Мудофаа вазирлиги арсеналларидан Украинага берилаётган ҳарбий ёрдамнинг 69-трашидир. Унинг ҳажми 425 миллион долларга баҳоланмоқда.
“Бу Украинага жуда зарур бўлган қуролларга кириш имконини беради. Хусусан, гап ҳаво ҳужумига қарши мудофаа ракеталари, артиллерия ва баллистик ракеталар учун ўқ-дорилар, зирҳли транспорт воситалари ва танкга қарши қуроллар ҳақида бормоқда”, дейилади Пентагон баёнотида.
Бу янги харидлар ҳақида эмас, балки Қўшма Штатлардаги арсеналларда сақланадиган қуролларни топшириш ҳақида эди.
LiveБарчаси