Пентагон гипертовушли ракета синови муваффақиятли ўтганини тасдиқлади
Олам
−
09:46
1242АҚШ ҳарбийлари Флоридадаги Космик кучлар базасида гипертовушли ракетани муваффақиятли синовдан ўтказди. Ракета учирилиши Канаверал бурнидан амалга оширилган, синов айнан қачон амалга оширилгани борасида эса аниқ маълумотлар кўрсатилмаган. Бу ҳақда Пентагон матбуот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, бу жорий йилдаги иккинчи муваффақиятли ракета синови бўлди. Ядровий бўлмаган гипертовушли ракетанинг комплекс парвоз синовлари қуруқликдаги қўшинлар ва денгиз флоти ҳарбий хизматчилари иштирокида ўтказилган. Стратегия ва технологияларни таҳлил қилиш маркази Қўшма Штатлар ўрта масофага мўлжалланган Long Range Hypersonic Weapon гипертовушли ракета тизимини муваффақиятли синовдан ўтказгани ҳақида хабар берди.
АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари котиби Карлос Дель Торо буни мамлакатнинг илғор қуролларини ривожлантиришдаги “муҳим босқич” деб атади.
Пентагон расмийлари АҚШ гипертовушли қуроллар ишлаб чиқаришда Россия ва Хитойдан ортда қолганини бир неча бор тан олган. 16 июль куни Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Патрик Райдер Қўшма Штатлар бундай қуролларни яратиш ва синовдан ўтказишни тезлаштиришини айтганди. Сўнгра у денгиз флоти ва армияси яқинда Тинч океани устидаги гипертовушли ракета синовларини якунланганини айтган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Конгрессга АҚШнинг ядро қуролидан фойдаланишнинг янгиланган стратегияси тўғрисида ҳисоботни тақдим этганди. Ҳисоботда АҚШ тинчлик даврида ҳам, инқироз ва можаро шароитида ҳам рақибларини бир вақтнинг ўзида ушлаб туриши кераклиги таъкидланганди.
LiveБарчаси