Пентагон ҳарбийлар учун тестостерон текширувини вақтинча бекор қилди
Олам
−
08:22 1358 2 дақиқа
АҚШ Мудофаа вазирлиги 30 ёш ва ундан катта ҳарбий хизматчиларда тестостерон етишмовчилигини мажбурий текширишни назарда тутувчи янги клиник қўлланмани вақтинча бекор қилди. Бу ҳақда ташкилот ўз расмий сайтида хабар берди.
Пентагон мазкур қўлланмани 2 сентябрь куни эълон қилган, аммо орадан бир кун ўтиб ҳужжат ва вазирлик матбуот котиби Шон Парнеллнинг унга ҳамроҳ баёноти сайтдан олиб ташланган.
АҚШ расмийси қўлланма “янгиланишлар киритиш учун вақтинча бекор қилингани”ни айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча аввалги вақтинчалик кўрсатмалар амалда қолади.
Янги қоидалар фаол хизматдаги ва захирадаги 30 ёшдан катта ҳарбийларнинг саломатлигини ҳар йилги тиббий кўрик доирасида текширишни назарда тутган эди. Унда тестостерон даражасининг пастлиги ҳарбий хизматга тайёргарлик ва жисмоний бардошга таъсир қилиши мумкинлиги таъкидланган.
Қўлланмага кўра, эркак ҳарбийлар дастлаб махсус сўровномадан ўтказилиши, зарурат бўлса, қон таҳлили орқали тестостерон миқдори текширилиши керак эди. Тестостерон етишмовчилиги аниқланган ҳолатларда гормонал даволаш масаласи ҳам кўриб чиқилиши белгиланган.
Аёл ҳарбийлар учун эса текширув гормонал ўзгаришлар билан боғлиқ ҳолатлар, жумладан чарчоқ ва ҳайз циклидаги ўзгаришларни баҳолашни ўз ичига олган. Гормонал терапия эса фақат муайян тиббий ҳолатларда тавсия қилиниши керак эди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ташаббус АҚШ Мудофаа вазири Пит Хегсет томонидан илгари сурилган. Унинг мақсади ҳарбий хизматчиларнинг саломатлигини яхшилаш орқали қўшинларнинг жанговар тайёргарлигини оширишдан иборат экани билдирилган.
Бироқ янги тартиб тиббиёт мутахассислари томонидан танқид қилинди. Айрим экспертлар барча 30 ёшдан катта ҳарбийларни тестостерон етишмовчилиги бўйича мажбурий текшириш зарурати илмий жиҳатдан етарлича асосланмаганини таъкидлади.
Мутахассислар, шунингдек, тестостерон терапиясидан ортиқча фойдаланиш юрак-қон томир тизими билан боғлиқ муаммолар ва бепуштлик каби хавфларни келтириб чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Шу билан бирга, айрим шифокорлар янги ёндашувни қўллаб-қувватлаган. Улар тестостерон ва бошқа гормонлар билан боғлиқ муаммоларни эрта аниқлаш ҳарбий хизматчиларда жиддий касалликларни ўз вақтида даволашга ёрдам бериши мумкинлигини айтган.
АҚШ Озиқ-овқат ва дори воситалари сифати ва хавфсизлигини назорат қилувчи бошқармаси (FDA) жорий йилнинг сентябрь ойи ўртасида тестостерондан тиббий мақсадларда фойдаланиш масаласини муҳокама қилиш учун йиғилиш ўтказиши кутилмоқда.
Пентагон янги қўлланма қачон қайта эълон қилиниши ёки унга қандай ўзгартишлар киритилиши ҳақида ҳозирча аниқ маълумот бермаган.
Live
Барчаси