Пенсия ёшига етган ходимни ишдан бўшатиш тақиқланяпти
Жамият
−
16 Март 2022
12814Ўзбекистонда ходимнинг пенсия ёшига тўлгани учун меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланмоқда. Бу ҳақда кеча, 15 март куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда белгиланди.
Қарорда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда ходимнинг пенсия ёшига тўлгани сабаб иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишни тақиқлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 1 сентябрига қадар халқаро тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатда фаол қариш индексини жорий этиш белгиланди.
Бундан ташқари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги икки ой муддатда “Бир нуроний ўн ёшга масъул” тамойили асосида маҳаллаларда ҳаётий ва катта амалий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли нуронийлар ва зиёлиларни ишсиз, тарбияси оғир ва муаммоли ёшларга бириктириш орқали уларни жамият учун фойдали инсонлар бўлиб етишишларига кўмаклашиш дастурларини ишлаб чиқади.
Эндиликда фуқаролар йиғинларида жамоатчилик назорати йўналишида “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари фаолият кўрсатади. Бунда, маҳаллаларда аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизматлар, мактабларда ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштириши, давомати, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан фуқароларни иш билан таъминлаш даражаси ва бошқа давлат хизматларининг кўрсатилиши бўйича нуронийларнинг жамоатчилик назорати ўрнатилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь