Пенсия ислоҳотига қарши намойишлар Францияга қанчага тушди?
Олам
−
30 Апрель 2023
5310Жорий йилнинг январь ойидан бери Франциядаги пенсия ислоҳотига қарши намойишлар пайтида Париж инфратузилмасига етказилган зарар 1,6 миллион еврога тушди. Бу ҳақда Франциянинг “Le Parisien” газетаси хабар берди.
“Пенсия ислоҳотига қарши 12 та намойиш пайтидаги тартибсизликлар натижасида етказилган зарар шаҳар бюджетига 1,6 миллион еврога тушди”, дейилади мақолада.
Париж вице-мери Эммануэль Грегуарнинг таъкидлашича, бу миқдор фақат радикал фуқаролар томонидан шаҳар объектларига етказилган зарар холос, лекин хусусий корхоналар офисларида вайронагарчиликларни таъмирлаш харажатлари ҳисобга олинмаган.
Аниқлик киритилишича, шаҳар ҳокимияти норозилик намойишларидан кейин кўчаларни тозалашга 536 минг евро сарфлаган, бунинг учун улар иш вақтидан ташқари иш ҳақини тўлаб, фаррошларни чақиришга мажбур бўлди. Яна 106 минг евро гулзор ва панжаралар, автобус бекатлари ва банк ойналарини таъмирлашга сарфланган. Аммо намойишчилар вайрон қилган энг қиммат объектлар билбордлар ва матбуот бинолари (киоскалар) бўлган. Уларни таъмирлаш учун 836 минг евро ажратилган.
Эслатиб ўтамиз, Францияда пенсия ёшини 62 дан 64 га кўтарадиган ва бир қатор махсус пенсия режимларини бекор қиладиган ислоҳот лойиҳаси январь ойида тақдим этилган эди. Март ойида қонун лойиҳаси аввалига парламентнинг юқори палатаси — Сенат томонидан маъқулланган, кейин эса қуйи палата – ассамблеянинг маъқуллашини четлаб ўтиб, ҳукумат томонидан қабул қилинган. Шу боис парламентда вазирлар маҳкамасига ишончсизлик вотуми бўйича иккита қарор илгари сурилди, бироқ уларнинг ҳеч бири керакли миқдордаги овозларни ололмади. Апрель ойида мамлакат Конституциявий кенгаши ислоҳотнинг Асосий қонунга мувофиқлигини тан олди, шундан сўнг Макрон пенсия ёшини оширишни тасдиқловчи ҳужжатни имзолади.
Французлар ислоҳотдан норозиликларини кўплаб ҳаракатларда билдирдилар. Бундай ҳаракатларнинг энг йириклари март ойида бўлиб ўтди. Масалан, 23 март куни, полиция маълумотларига кўра, намойишларда 1,1 миллионга яқин одам қатнашган; “Умумий меҳнат конфедерацияси ”касаба уюшмалари эса 3,5 миллион намойишчилар қатнашганини билдирган.
LiveБарчаси