Педофилларга берилган “жазодан” Олий суд катталарининг хабари бормиди?
Жамият
−
06 Апрель 2023
11073Хоразмда вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган Ойбек Машарипов ва Янгиариқ тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Анвар Қурязов вилоят Халқ таълим бошқармасига қарашли Урганч шаҳридаги 1-сонли оилавий болалар уйи раҳбари Юлдзу Худойберганова билан тил бириктириб, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларини мунтазам равишда зўрлаб келгани ҳақидаги хабарлар бир неча кундай буён муҳокама марказида бўлиб турибди.
“Сукут сақлама” лойиҳаси раҳбари Ирина Матвиенка бу ҳолатни бир неча ой аввал Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳ йиғилишларида айтгани ва залда сенаторлар, Адлия, Олий суд ва бошқа идоралар вакиллари бўлгани, аммо ҳеч ким муносабат билдирмаганини айтиб чиққанди. Эълон қилинган суд ҳукми кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлди. Хўш, амалдорга ўқилган суд ҳукмидан Олий суд катталарининг хабари бормиди? Уларни ҳам “педофилга нима учун кам жазо тайинланди” деган савол қийнаяптими? QALAMPIR.UZ мазкур савол билан Олий суд раиси ўринбосари Икром Муслимовга юзланди.
“Биз амалдорга берилган жазони кам ё кўплигини муҳокама қилиш ваколатига эга эмасмиз, чунки уларга айбдор деб топилган модда доирасида жазо берилган. 50-моддани қўллаб жазо камайтирилмаган, 72-модда қўлланилиб, шартлига ўзгартирилмаган ёки амалдорлар уларга тайинланиши лозим бўлган жазодан озод қилинмаган. Шу сабабдан биз жазони енгил ёки оғир деб баҳолаш имконига эга эмасмиз.
2022 йилда судларда 1 млн 900 мингта, жумладан 58 мингта жиноят иши кўрилган. Қолаверса, Олий Суднинг Жиноий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан 2022 йилнинг ўзида 7 мингта иш кўрилди. Фақат жиноий суд ҳақида гаплашадиган бўлсак 58 мингта ишни ҳар биттасининг натижасини назорат қилиб боришни жисмонан имкони йўқ, иккинчидан қонунни ўзи бунга йўл қўймайди. Чунки, туман судьялари мустақил, улар вилоят ва Олий суд судьялари ва раҳбарияти билан бир хил статусга эга. Машарипов билан Қурязов суд ҳукмидан кейин, айбсизлигини билдириб апелляция тартибида шикоят ёзган. Ана ундан кейин, бу ҳолатдан вилоят суди хабар топган.
Биринчи инстанция ёки аппеляция инстанцияси судидан кейин қизлар ёки прокурор эътироз билдириб, Олий судга мурожаат қилмаган. Биз ҳам бу жиноят ишидан ижтимоий тармоқлар орқали хабар топганмиз”, дейди Олий суд раисининг ўринбосари.
У сўзида давом этаркан, амалдорларга бошқа, оддий одамларга бошқачароқ жазо берилиши масаласига тўхталиб ўтди. Шунингдек, қонун ҳамма учун тенг экани, жиноят содир этган шахс, ким бўлишидан қатъи назар қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши кераклигини қўшимча қилди.
“Мансабдор, амалдор ёки давлат арбоби бўладими ёки оддий фуқаро – қонун барчамиз учун бир. Ҳаммамиз бир хил жавоб беришимиз керак. Суд ҳам Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилган, Олий Мажлис Сенати маъқуллаган, Қонунда белгилаб берилган жазони берган. Агар у мансабдор ёки оддий одам, деб бошқача жазо берса, бу ерда адолатсизлик бўлади. Мен мансабдор шахсни оқламайман. Мансабдорлар жамиятга намуна бўлиши керак, агар улар шу ишни қилган бўлса шахс сифатида инсон сифатида ҳазм қилиб бўлмайдиган нарса. Қонун ҳамма учун бир”, дейди Икромжон Муслимов.