Пашинян яна Алиев устидан Путинга дийдиё қилди
Олам
−
26 Май 2023
3948Арманистон Озарбайжон арман товарларини Россия Федерацияси ва Эронга паритет асосда ташиш учун очиқ бўлишини кутмоқда. Бу ҳақда кеча, 25 май куни Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан учрашувда Арманистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Никол Пашинян маълум қилди.
“Биз Озарбайжон темир йўли ҳам Арманистон Республикаси поездлари учун Нахичеван (Озарбайжон эксклави – таҳр.) ва Озарбайжон Республикаси орқали, масалан, Россия Федерациясидан Эрон Ислом Республикасигача бўлган поездлар учун очилишини кутяпмиз. Биз бу масала паритет асосда, юқорида айтганимдек, мамлакатлар суверенитети ва юрисдикцияси асосида ҳал қилинишини кутамиз”, дейди у.
Пашинянга кўра, Озарбайжоннинг ҳаракатлари туфайли (тан олинмаган) Тоғли Қорабоғ ва Лочин йўлагидаги вазият кескинлигича қолмоқда, минтақадаги гуманитар вазият кескинлашмоқда.
“Минтақавий маънода, албатта, бизда Тоғли Қорабоғ ва Лочин коридорида анча кескин вазият бор. 2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотдан фарқли ўлароқ, Озарбайжон Тоғли Қорабоғни гуманитар вазиятга солиб қўйган Лочин йўлагини ноқонуний равишда тўсиб қўйган. Тоғли Қорабоғда табиий газ ва электр таъминоти тўсиб қўйилган, бу эса Тоғли Қорабоғдаги гуманитар вазиятни янада оғирлаштиради”, дейди у.
Арманистон Бош вазири қўшимча қилганидек, Тоғли Қорабоғга озиқ-овқат ва маҳсулотлар етказиб бериш мураккаб ва Россия тинчликпарвар кучлари муаммони ҳал қилишга ёрдам бермоқда.
“Афсуски, Лочин йўлагини тўсиб қўйиш Россия тинчликпарвар кучлари иштирокида амалга оширилди”, дейди Пашинян.
У Арманистон чегара ва божхона хизматлари барча транспорт воситаларининг мамлакат орқали нормал ўтишини таъминлашга тайёрлигини таъкидлади.
“Арманистон чегара ва божхона хизматлари барча транспорт воситалари, поездлар, хусусан, Арманистон ҳудуди орқали нормал ўтишини таъминлашга тайёр”, дейди у.
Россия Президенти Владимир Путиннинг фикрича, Тоғли Қорабоғдаги транспорт алоқаларининг блокдан чиқарилиши Арманистонга ҳам, Озарбайжонга ҳам фойда келтиради.
“Лочин йўлаги бўйича уч томонлама баёнотимиздаги позициямизни биласиз. Биз бу борадаги позициямизни ҳеч қачон ўзгартирмаганмиз. Ҳеч қачон”, дейди Путин.
2020 йил 9 ноябрдаги уч томонлама баёнотга кўра, Россия воситачилигида Арманистон ва Озарбайжон минтақавий транспорт ва иқтисодий коммуникациялар тўсиқларини олиб ташлашга келишиб олди. Ушбу масала бўйича уч мамлакат Бош вазир ўринбосарларидан иборат махсус комиссия тузилди. Арманистон бир неча бор баёнотнинг ушбу бандини бажаришга тайёр эканлигини таъкидлаб, барча коммуникациялар улар орқали ўтадиган мамлакатлар юрисдикцияси остида бўлиши кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 12 декабрда ўзини экологлар деб таништирган бир гуруҳ озарбайжонликлар Россия тинчликпарвар контингенти вақтинча жойлашган Лочин йўлагини (Арманистон ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғни боғловчи ягона йўл у орқали ўтади) тўсиб қўйган. Баку норозилик акциясидан мақсад ҳеч қандай йўлни тўсиб қўйиш эмаслигини, фуқаролик воситалари ҳар икки йўналишда ҳам эркин ҳаракатлана олишини билдирди.
Ереван буни Баку томонидан тан олинмаган республикада гуманитар фалокат яратишга қаратилган провокация сифатида баҳолади. Республика Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат йиғилишида маълум қилганидек, Тоғли Қорабоғда қамал туфайли озиқ-овқат тақчиллиги бошланган. 14 декабрь куни Арманистон Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига Озарбайжонни Лочин йўлагини тўсиб қўйишга мажбурлаш талаби билан мурожаат қилди.
Лочин йўлагига Озарбайжон томонидан назорат-ўтказиш пункти ўрнатилиши ортидан Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги Россияни вазиятга аралашишга чақирганди. Бу орада АҚШ Ереван ва Бакуга музокараларни давом эттиришда ёрдам беришга тайёр эканини билдирди.