Пашинян истеъфога чиқди (видео)
Олам
−
12:19 9552 2 дақиқа
Бугун, 2 август куни Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ҳукумат истеъфога чиққанини маълум қилди. У тегишли баёнотни ўзининг Telegram-каналида эълон қилди.
Истеъфо шаклий характерга эга бўлиб, мамлакат Конституциясида назарда тутилган. Янги сайланган Миллий мажлиснинг биринчи мажлиси бўлиб ўтадиган куни ҳукумат парламентнинг янги таркиби олдида ўз ваколатларини топшириши шарт. Шу билан бирга, ҳукумат аъзолари янги кабинет шакллантирилгунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этади.
Пашинян ҳукуматнинг истеъфоси ҳақидаги имзоланган ариза Арманистон Президенти Ваагн Хачатурянга юборилганини маълум қилган. Янги сайланган Миллий мажлиснинг ваколат муддати бошланганидан сўнг Президент Конституцияга мувофиқ, парламентдаги кўпчилик томонидан кўрсатилган номзодни зудлик билан бош вазир этиб тайинлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 7 июнь куни Арманистонда Миллий мажлисга сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов якунларига кўра, Никол Пашиняннинг “Фуқаролик шартномаси” партияси 49,74 фоиз (64 та мандат), “Кучли Арманистон” 23,27 фоиз (29 та мандат), “Арманистон” альянси эса 9,92 фоиз (12 та мандат) овоз тўплади. Парламентдаги кўпчилик ўрин сабабли “Фуқаролик шартномаси” янги ҳукуматни мустақил равишда шакллантириш ҳуқуқини қўлга киритди. Натижалар эълон қилингач, мухолифат овоз бериш жараёнида кўплаб қоидабузарликлар, маъмурий ресурслардан фойдаланилгани ва номзодларга босим ўтказилганини маълум қилди.