Партиялар раислари сайловда овоз берди

Жамият

image

Бугун, 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтмоқда.

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 08:00 да очилди ва сайловчилар овоз беришни бошлади. Сайловда партиялар раислари ҳам овоз берди.

Хусусан, “Миллий тикланиш” демократик партияси раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари Алишер Қодиров ўз овозини берди.

“Ўзбекистонимиз қудратли, ҳаётимиз фаровон бўлиши учун вакиллар тўғри танланиши ва вакиллик органлари самарали ишлаши лозим”, дейди партияси раиси.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси раиси, Спикер ўринбосари Актам Хаитов Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 520-сайлов участкасида ўзининг сайлов ҳуқуқидан фойдаланди.

“Инсон қадри улуғланаётган халқчил ислоҳотларнинг давомли бўлиши учун овоз бердим. Аминмизки, халқимиз тўғри танлов қилади. Сайловларда фаол иштирок этади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик қадриятлар ва инсон қадри улуғланаётган халқчил ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди”, деган Хаитов.

Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов эса Шайхонтоҳур туманидаги 427-сайлов участкасида овоз берди.

“Бугунги сайлов юртдошларимиз хоҳиш-иродасининг юксак ифодаси бўлмоқда. Шу билан бирга, халқимизнинг эзгу мақсад йўлида ҳамжиҳатлигини ҳам намоён этмоқда. Сайловда овоз бердим, сайловчиларнинг фаоллигига гувоҳ бўлдим”, дея ёзган партияси раиси ўз саҳифасида.

Шунингдек, “Адолат” Социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси Робахон Маҳмудова Мирзо Улуғбек туманидаги 21-сайлов участкасида овоз бериш жараёнида иштирок этди.

“Сайловларда фаол иштирок этиш ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи ва масъулияти бўлиб, мамлакатимиз келажагини белгилашда муҳим аҳамият касб этади. Мен ҳам ўз фуқаролик бурчимни адо этиб, овоз бериш жараёнида иштирок этдим. Ҳозирда мазкур сайлов участкасида жараён қизғин давом этмоқда, юртдошларимиз ўз сайлаш ҳуқуқидан фойдаланиб, танловларини фаол амалга ошираётганлиги қувонарли”, деган Маҳмудова.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Экологик партияси раиси Абдушукур Ҳамзаев Олмазор туманидаги участкалардан бирида овоз берди.

“Бугун барча фуқароларимиз юртимизда бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида фаол иштирок этиб, ўзлари учун муносиб, деб билган номзодларга овоз беришмоқда. Худди шундай мен ҳам пойтахтимизнинг Олмазор туманида овоз бердим”, деган партия раиси.

Маълумот учун, Қонунчилик палатаси сайловлари илк марта мажоритар-пропорционал (аралаш) тизим асосида ўтказилмоқда.

Бу тизимда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига бўлинади. Парламент қуйи палатаси депутатларининг 75 нафари бир мандатли сайлов округлари бўйича мажоритар тизим (номзод учун овоз бериш), қолган 75 нафари пропорционал тизим бўйича, яъни сиёсий партияларга берилган овозлар асосида (партия рўйхати асосида) сайланади.

Марказий сайлов комиссиясига кўра, парламент сайловида жами 851 нафар хорижий (халқаро) кузатувчи, жумладан ўн учта нуфузли халқаро ташкилотлардан, хусусан Европада Хавфсизлик Ҳамкорлик Ташкилотнинг Парламент Ассамблеяси ва Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти, Туркий Давлатлар Ташкилоти, Туркий Давлатлар Парламент Ассамблеяси, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси, Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти ҳамда бошқа халқаро тузилмалардан жами 560 нафар, хорижий давлатлар 24 та сайлов органларидан 46 нафар, дунёнинг 43 та давлатидан 245 нафар хорижий (халқаро) кузатувчи аккредитациядан ўтказилган.

Айни пайтда, сиёсий партиялардан 55 минг нафар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан 10 минг нафардан ортиқ кузатувчи сайловни кузатиб бормоқда.

Шунингдек, ҳозирги кунга қадар маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларининг жами 1 068 нафар вакили аккредитациядан ўтказилган.

Овоз бериш соат 20:00 га қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов Алишер Қодиров Актам Хаитов Улуғбек Иноятов Робахон Маҳмудова Абдушукур Ҳамзаев Партиялар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг