Паррандачилик учун 400 млрд кредит ажратилади – Президент
Жамият
−
31 Май 2022
4692Паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм револьвер кредит ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев аҳолини озиқ-овқат, жумладан, чорвачилик ва паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилди.
Қайд этилишича, Шавкат Мирзиёев паррандачилик хўжаликларини ем билан таъминлаш масаласини тўлиқ ҳал қилиш вазифасини қўйган.
Бунинг учун:
паррандачилик хўжаликларига буғдой сотиб олиш учун 400 миллиард сўм револьвер кредит ажратилади;
паррандачилик корхоналарининг айланма маблағларини кўпайтириш учун олинадиган тижорат кредитларга Тадбиркорлик жамғармасидан гаров таъминотининг 50 фоизига кафиллик бериш ва 17 фоиздан ошган қисмини компенсация қилиш тизими жорий қилинади;
пандемия даврида паррандачилик корхоналарининг жами 834 миллиард сўм, шундан 2022 йилда 400 миллиард сўм олган кредитлари муддати узайтирилади.
Шунингдек, Президент ушбу шароитлардан фойдаланиб, мутасаддилар вилоят ҳокимлари билан бирга, парранда гўшти ишлаб чиқаришни йил якунига қадар камида 35 фоизга ошириб, 600 минг тоннага етказиши шартлиги кўрсатиб ўтган.
Бундан ташқари, парранда маҳсулотлари бозорини таҳлил қилиш ва лойиҳаларни тўғри жойлаштириш мақсадида маҳсулотларни ишлаб чиқаришдан сотишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш топширилган.
LiveБарчаси