Парламент Қорақалпоғистонда фавқулодда ҳолат жорий этилишини тасдиқлади 

Жамият

image
Расман: Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди north_east

Расман: Қорақалпоғистонда бир ойлик фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 2 июль куни “Қорақалпоғистон Республикасида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида”ги фармонни имзолаганди. Ушбу фармонни Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати тасдиқлади. 

Қайд этилишича, парламент палаталари Конституциянинг 78-моддаси биринчи қисми 19-бандига ва “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонун 8-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ қарор қабул қилган.

Қарорга мувофиқ, Президентнинг 2 июлдаги “Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисида”ги фармони тасдиқланади.

Ушбу қўшма қарор Ўзбекистон Президентига юборилади. Ҳужжат қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Маълумот ўрнида, Шавкат Мирзиёев фармони билан 3 июлдан 2 августдача Қорақалпоғистон Республикасида 30 кунлик фавқулодда ҳолат режими эълон қилинганди. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, кеча, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

179

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг