Паркентдан XVI – XVII асрларга оид хазина топилди
Маданият-санъат
−
19 Сентябрь 2022
24337Тошкент вилоятининг Паркент тумани Хўжа маҳалласидаги хонадондан XVI – XVII асрларга оид хазина топилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси маълум қилди.
Академия маълумотига кўра, туманнинг Ҳунарманд кўчаси, 47-уйда яшовчи Насиба Бегматова жорий йилнинг 16 сентябрь куни ўз уйининг ҳовлисида ўра қаздираётганда кўкариб занглаб кетган мис тангалар хазинаси топилган.
Академия олимларининг таъкидлашича, тангалар сони 939 та бўлиб, узоқ вақтлар давомида ер остида, нам тупроққа қоришиб чиригани сабабли уларнинг ҳар икки томони текисланиб кетган.
Тангаларнинг айримларига ишлов берилиб, тозаланиши натижасида уларда доира шаклдаги ҳалқа ва унинг ичига араб ҳарфларидаги ёзув битилгани аниқланган.
Тангаларга зарб саёз урилгани ҳам улардаги ёзувлар яхши кўринмаслигига сабаб бўлган. Тозаланган тангалардан айримларининг бир томонида “зарб Тошкент ( )” ёзувигина ўқилган.
Иккинчи томонини ўқишнинг имкони бўлмаган. Аммо, авваллари аниқланган, айнан уларга ўхшаш тангалар билан қиёсий таҳлил янги топилган хазинанинг XVI асрнинг охири – XVII асрнинг бошларига тегишли эканлигини кўрсатди.
Топилган жойдан аниқланган ашёвий далиллар – 25х25х5 сантиметр ҳажмдаги пишган ғиштлар, мовий рангдаги сирланган ва сирсиз сопол идиш синиқлари ҳам юқорида кўрсатилган даврда ишлаб чиқарилган.
LiveБарчаси