Парижни “портлатган” паралимпиадачилар – Спорт дайжести

Спорт

Париж XXXIII ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг, XVII Паралимпиада баҳсларини ҳам ўзида қабул қилди. Ўзбек спорти учун тарихий натижа билан муҳрланган Олимпиададан кейин кўплаб спорт мутасаддилари параспортчилардан ҳам оламшумул натижаларни кутгани бор гап. Ўзбекистонлик матонат соҳиблари ҳам билдирилган ишончни ортиғи билан оқлаб, аллақачон Паралимпия тарихидаги ўзининг энг яхши натижасини қайд этиб улгурди.

Параспортчиларни қўллаб-қувватлаш учун Парижга Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Ўзбекистон Паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрованинг Франция пойтахтига етиб боргани ҳам эътиборга молик жиҳат.

Бугун ўзбек параспортчиларнинг Париждаги қаҳрамонликлари ва улар билан боғлиқ эмоционал ҳолатлар билан ошно бўламиз. Ассалому алайкум. QALAMPIR.UZ’да спорт дайжести.

Ўзбекистон паралимпиадачилари яна 3 та медалга сазовор бўлди

Францияда ўтказилаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинлари қизғин баҳслар билан давом этмоқда. Ўйинларнинг таэквондо тури бўйича яна икки нафар ўзбекистонлик спортчи ва бир нафар енгил атлетикачи Ўзбекистон делегацияси ҳисобига медалларни қўшиб қўйди.

Пара таэквондонинг К44 классида -80 кг вазн тоифасида иштирок этган ўзбекистонлик Асадбек Тоштемиров Паралимпиада ўйинлари ғолибига айланди. Тоштемиров чемпионлик жангида мексикалик Луис Нахерага ҳеч қандай имкон қолдирмади.

Пара енгил атлетика бўйича F57 классининг найза улоқтириш баҳсларида яна бир Ўзбекистон спортчиси Ёрқинбек Одилов олтин медалга сазовор бўлди. Токио-2020 ёзги Паралимпиада ўйинларини 4-ўринда якунлаган Одилов Парижда 50.32 метр натижа кўрсатишга эришди.
Пара таэквондочи Гулжаной Наимова Паралимпиада ўйинларидаги иккинчи медалини қўлга киритди. К44 классида +65 кг вазн тоифасида қатнашган Наимова британиялик Эми Трюсдейлга қарши чемпионлик жангида жароҳат сабаб баҳсни якунлай олмади ва кумуш медаль билан чекланди.

Бу Гулжаной Наимова учун Паралимпиада ўйинларидаги иккинчи медаль бўлди. Токио-2020 ёзги Паралимпиада ўйинларида у олтин медалга эга чиққан эди.

Дониёр Салиев Паралимпиаданинг кумуш медалига сазовор бўлди

Францияда бўлиб ўтаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинларининг пара енгил атлетика бўйича баҳсларида ўзбекистонлик Дониёр Салиев делегация ҳисобига яна битта медални қўшиб қўйди.

Енгил атлетика бўйича Т12 классидаги узунликка сакраш баҳсида Салиев 7,16 метр натижа қайд этишга эришди. Бу натижа билан параатлет кумуш медални қўлга киритди.

Шу тариқа Ўзбекистон Паралимпиада делегацияси жамғарган медаллар сони 12 тага етди: 5 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза.
Бобур Омонов 2 карра Паралимпиада чемпиони бўлди

Франция мезбонлиги остида кечаётган 2024 йилги ёзги Паралимпиада ўйинларининг енгил атлетика баҳсларида ўзбекистонлик Бобур Омонов иккинчи уринишда 14,32 метр натижа қайд этиб, Паралимпиада ўйинлари рекордини ўрнатди ва чемпионликни қўлга киритди.
Унинг энг яқин таъқибчиси германиялик Каппел 13,74 метр натижа қайд этди. Омоновнинг натижасини ҳеч ким янгиламади. Шу тариқа ўзбекистонлик спортчи иккинчи бор Паралимпиада чемпионлигини қўлга киритди.

Маълумот учун, Бобур Омонов Токио-2020 Паралимпиадаси ғолиби бўлган. 2022 йили Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтган IV Параосиё ўйинларида ҳам ғолибликни қўлга киритган.

Паралимпиада-2024: Ўзбекистонлик пара ўқ отувчи делегация ҳисобига 15-медални қўшди

Паралимпиада баҳсларининг пара ўқ отиш турида иштирок этган Ўзбекистон вакили Сервер Ибрагимов кумуш медалга сазовор бўлди.
50 метрга тўппончадан отиш дастурида Ибрагимов 215,3 очко жамғарди. Мазкур дастурда олтин медаль хитойлик Чао Янгга, бронза медаль эса италиялик Давид Франкечеттига насиб этди.

Ибрагимовнинг натижасидан сўнг Ўзбекистон делегациясининг медаллари сони 15 тага кўпайди. 

Пара дзюдочи Шерзод Намозов 2 карра Паралимпиада чемпиони бўлди

Францияда давом этаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинларининг пара дзюдо баҳсларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган пара дзюдочи Шерзод Намозов финал баҳсини ўтказди.

Эркаклар ўртасида J2 классида -60 кг вазн тоифасида Шерзод Намозов олтин медаль учун кечган курашда грузиялик Зураб Зураианига қарши татамига чиқди. Якунда Намозов ғалаба қозонди ва делегация ҳисобига яна битта олтин медални келтирди. 

Шу тариқа Ўзбекистон Паралимпиада делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 16 тага етди: 7 та олтин, 5 та кумуш ва 4 та бронза. Умумжамоа ҳисобида эса делегация жаҳон рейтингининг 12 поғонасини банд қилиб турибди.

Маълумот учун, Шерзод Намозов ярим финалда Жанубий Корея вакили Ли Минжайни 10:0 ҳисобида енгиб, финалга чиққан эди. У 2016 йилги Рио Олимпиадасида ҳам олтин медални қўлга киритган.

Ҳусниддин Норбеков уч карра Паралимпиада чемпиони бўлди

Пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида F35 классида ядро улоқтириш мусобақасида иштирок этган ўзбекистонлик Ҳусниддин Норбеков 16.82 метр натижа қайд этиб, учинчи бор Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлди.

У бундай натижа қайд этган илк ўзбекистонлик спортчига айланди.

Маълумот учун, Ҳусниддин Норбеков бундан аввал Рио-2016 ва Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритган.

Паралимпиада-2024: Ўзбекистон ҳисоби яна бир кумуш медалга бойиди

Бугун, 6 сентябрь куни Паралимпиада баҳсларининг пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида F12 классида ядро улоқтириш баҳслари якунланди.

Эътиборлиси, ушбу йўналишда қатнашган ўзбекистонлик Сафия Бурҳонова 14.12 метр натижа кўрсатиб, делегация ҳисобига олтинчи кумуш медални қўшиб қўйди.

Маълумот учун, Сафия Бурҳонова бундан аввал Рио-2016 Паралимпия ўйинларида кумуш ва Токио-2020 Паралимпия ўйинларида олтин медални қўлга киритган.

Толиббой Йўлдошев Паралимпиада чемпиони бўлди

Бугун, 6 сентябрь куни Париж шаҳрида давом этаётган Паралимпиада ўйинларининг пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида F37 классида диск улоқтириш дастурида финал баҳси якунланди.

Эътиборлиси, ушбу йўналишда иштирок этган Толиббой Йўлдошев 57.28 метр натижа қайд этган ҳолда делегация ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

Ушбу дастурда қатнашган яна бир ўзбекистонлик Қудратуллахон Маъруфхўжаев эса 46.79 метр натижа билан 9-ўринни банд этди.

Ўзбекистон ҳисоби бронза медалга бойиди

Паралимпиада баҳслари якунланишига икки кун қолганида пара енгил атлетикачи Темурбек Ғиёсов ўз номини Париж-2024 ёзги Паралимпия ўйинларининг совриндорлари қаторига қўшиб қўйди.

У Т64 классида баландликка сакраш дастурида иштирок этиб, 2.03 метр натижа билан бронза медалига сазовор бўлди.

Шу тариқа, делегация ҳисобидаги медаллар ҳозиргача 9 та олтин, 6 та кумуш ва 5 та бронзага етди. Делегация жами 20 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 11-ўринга кўтарилди.Кумуш Хўжаева Паралимпиаданинг кумуш медалига сазовор бўлди

Францияда бўлиб ўтаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинларининг пара дзюдо баҳсларида ўзбекистонлик Кумуш Хўжаева финал баҳсини ўтказиш учун татамига чиқди.

Финалда Хўжаева япониялик Хиросе Жункога қарши кураш олиб борди. Аёллар ўртасида J2 классида -57 кг вазн тоифасида кечган финал беллашувида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Кумуш Хўжаева мағлубиятга учради ва Паралимпиаданинг кумуш медалини қўлга киритди.

Шу тариқа, делегация ҳисобидаги медаллар ҳозиргача 9 та олтин, 7 та кумуш ва 5 та бронзага етди.

Ўзбекистонлик 15 ёшли паралимпиадачи кумуш медални қўлга киритди

Францияда давом этаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинларининг пара енгил атлетика баҳсларида яна бир ўзбекистонлик спортчи кумуш медални қўлга киритди. 

Аёллар ўртасида F46 классида найза улоқтириш дастурининг финал беллашувида қатнашган Шаҳина Йигиталиева 43,12 метр билан иккинчи ўринни банд қилди ва делегацияни медаллар сони бўйича яна олдинга олиб чиқди. 

Шу тариқа, делегация ҳисобидаги медаллар ҳозиргача 9 та олтин, 8 та кумуш ва 6 та бронзага етди. Делегация жами 23 та медаль билан умумжамоа ҳисобида 12-ўринни банд қилмоқда.

Маълумот учун, Шаҳина Йигиталиева делегация таркибидаги энг ёш спортчи ҳисобланади. У 2008 йил 16 октябрда туғилган ва айни пайтда 15 ёшда.

Паралимпиада-2024: Ўзбекистоннинг олтин медаллари сони 10 тага етди 

Париж шаҳрида якунига етиб бораётган пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида Ф54 классида найза улоқтириш дастурида финал баҳслари якунланди.

Ушбу йўналишда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Нурхон Қурбонова 21.12 метр натижа қайд этган ҳолда жаҳон рекордини янгилади ва делегациямиз ҳисобига 10-олтин медални қўшиб қўйди.

Маълумот учун, F54 классида найза улоқтириш бўйича амалдаги жаҳон рекорди ҳам айнан Нурхон Қурбонованинг ўзига тегишли эди. У жорий йил Японияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатида 20.73 метр натижа билан жаҳон рекордини янгилашга муваффақ бўлган.

Нурхон Қурбонова бундан аввал Токио-2020 ёзги Паралимпия ўйинларида кумуш ва бронза медалларини қўлга киритган.
Рўза Қўзиева иккинчи марта Паралимпиада кумуш медалини қўлга киритди

Францияда бўлиб ўтаётган 2024 йилги Париж ёзги Паралимпиада ўйинларининг пара пауэрлифтинг баҳсларида ўзбекистонлик Рўза Қўзиева кумуш медалга сазовор бўлди.

Мусобақада -73 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Қўзиева 147 кг тошни ўзига бўйсундирди ва Паралимпиадада иккинчи ўринни эгаллади.

Шу тариқа Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар ҳозирча 25 та – 10 та олтин, 9 та кумуш ва 6 та бронзага етди.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Франция Париж Шаҳноза Мирзиёева Дониёр Салиев паралимпиада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг