"Пантуркизм” ғояси билан атайин бизни, туркийларни қўрқитишди – Шерзодхон Қудратхўжа
Жамият
−
05 Декабрь 2023
9968Туркий халқларнинг бирлашишига раҳна солиш мақсадида бошқалар атай ўйлаб топган “пантуркизм” атамасидан биринчи навбатда туркий халқларнинг ўзи қўрқди. Бу ҳақда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжаев бугун, 5 декабрь куни Тошкентда бўлиб ўтган конференциядаги нутқида сўз очди.
Гап шундаки, бугун, 5 декабрь куни Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ), Туркий давлатлар географик кенгаши (ТДГК) ҳамда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети (ЎзЖОКУ) ҳамкорлигида “Туркий халқлар тарихида Туркистоннинг ўрни” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда Туркия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан олимлар, профессор ва фан докторлари иштирок этди.
“Бобур, Алишер Навоий давридан кейин “Буюк ипак йўли” йўқ бўлди. Темурийлар давлатининг парчаланиши, аҳиллигимизнинг йўқолиши бизни ожиз қилди. Биз 300, балки 400 йилга яқин уйқуга кетдик. Бизда тараққиёт бўлмади, технологиялар бўлмади. Бу жуда катта фитналарга олиб келди. Буни ҳозирги Туркия, Усмонийлар империяси мисолида кўришимиз мумкин”, дейди ректор.
У, сўзида давом этаркан, XIX-XX аср ҳам Туркистонда оғир кечганини, шундай бўлса-да, жадидлар халқни уйғотишга ҳаракат қилгани, аммо бу узоққа чўзилмаганини урғулади.
“Афсусуки, большевиклар ҳукумати, ундан аввалги чор Россиясининг парчаланиши, бу ерда бўлган утопия, социализм ғоялари билан бизнинг халқларимиз алданди. Бизда яна сукунат бўлди”, дейди Қудратхўжа.
Унинг айтишича, туркий халқларнинг кўп қисмини ташкил этувчи Туркистон замини собиқ иттифоқ мустамлакасидан қутулса-да, туркий халқлар анча йилгача бир-биридан ҳайиққан. Туркий давлатлар кенгаши 2009 йилда ташкил этилганига қарамай, Ўзбекистон 2018 йилгача бу ташкилотга аъзо бўлмаган.
“Ўзбекистоннинг 1991 йилда мустақиллика эришиши биз учун қувонарли бўлди. Туркиянинг ўша вақтдаги Президенти Тургут Ўзал жаноби олийлари Ўзбекистонга биринчи бор келгани ҳалигача эсимда. У вақтда бизнинг Туркия билан алоқамиз бўлмаган. Интернет бўлмаган. Ҳамма тараф девор бўлган. Биз қанчалик бизнинг сўзларимиз, кўнглимиз яқинлигини кўрдик. Кейин Туркий давлатлар ташкилотининг кенгаши ташкил топди. Лекин афсус, биз туркийлар бир биримиздан ҳайиқдик. “Пантуркизм” деган ҳар хил гаплар бўлди. “Пантуркизм”дан биз туркийлар ўзимиз қўрқдик. Лекин бу иборани бошқалар бизга қарши ишлатиш учун атайин ўйлаб топганди”, дейди Шерзодхон Қудратхўжа.
Маълумот учун, пантуркизм ёки туркийлик туркий халқлар яшайдиган давлатларда кенг тарқалган миллий таълимот бўлиб, уларнинг этник, маданий ва тил ҳамжамиятига кўра сиёсий жиҳатдан мустаҳкамланиши зарурлиги ҳақидаги ғояларга асосланади. У XIX асрнинг иккинчи ярмида шаклланган.
Пантуркизм Усмоний империяси ва инқилобдан олдинги Россияда миллий зиёлиларнинг сиёсий ҳаракати сифатида шаклланган ва туркийзабон халқларнинг тил, диний ва маданий ҳамжамиятини яратиш ғоясига асосланган эди.
Пантуркистик ғоялар ва бирлашиш ҳаракатлари Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин Марказий Осиё ва бошқа туркий мамлакатларда яна оммалашган.
Пантуркизмнинг салбий таърифи сўнгги бир неча ўн йилликларда Ғарбда ҳукмронлик қилмоқда. Россияда, Россия империяси давридан бери пантуркизм мафкураси хавф туғдиради ва миллатчиликни ривожлантиради, деб ҳисобланган.
LiveБарчаси